Ҳасанбой Дўсматов АҚШга йўл олди
Икки карра Олимпиада чемпиони, таниқли боксчимиз Ҳасанбой Дўсматов бугун Америка Қўшма Штатларига жўнаб кетди. У океан ортида навбатдаги жангга тайёргарлик кўриши кутилмоқда.
Аввалроқ Ҳасанбой 2025 йилда профессионал рингда фаолиятини давом эттиришини ва бир неча жанг ўтказишини маълум қилганди. Шунингдек, у ҳаваскорлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам иштирок этиш истагини билдирган.
Дўсматов бу йил ҳаваскор боксдаги сўнгги жангида Россиянинг Хабаровск шаҳрида ўтказилган “Константин Коротков” халқаро хотира турнирида қатнашди. У 1/4 финалда ўзига яқин бўлган Фарёзбек Дўсматовга қарши тўқнаш келиб, унга йўл берганди.
Маълумот ўрнида: Ҳасанбой Дўсматов профессионал рингда 6 жанг ўтказган ва барчасида ғалаба қозонган. Уларнинг 5 тасини нокаут билан якунлаган. Охирги жангини 2023 йил 6 ноябрь куни Москвада Сифамандла Балега қарши ўтказиб, 10 раундлик дуэлда очколар ҳисобига кўра ғалаба қозонган.