Ҳасанбой Дўсматов қайта рингда: Бишкекдаги шоуда Сакен Бибосинов ҳам иштирок этади
20 июл куни Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида жойлашган «Бишкек Арена» мажмуасида профессионал бокс кечаси бўлиб ўтади. Ушбу нуфузли кечада юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган, ҳаваскор боксда Олимпиада ва жаҳон чемпиони бўлган Ҳасанбой Дўсматов ҳам рингга кўтарилади.
31 ёшли андижонлик чарм қўлқоп устаси бу галги жангда Филиппин вакили Ричард Ласпонага қарши куч синашади. Бу Дўсматовнинг профессионал рингдаги 7-жанги бўлади. Аввалги 6 жангнинг барчасида у зафар қучган. Сўнгги марта у 2023 йил ноябрида Жанубий Африка Республикаси спортчиси Сипхамандла Баленини мағлуб этган эди.
Филиппинлик Ласпона ҳам ҳозирча мағлубиятсиз — унинг фаолиятида 8 та жанг ва 8 ғалаба мавжуд. Қизиғи шундаки, у шу пайтгача фақат ўз мамлакатида жанг қилган ва Бишкекдаги кеча унинг Филиппиндан ташқаридаги дебюти бўлади.
Шунингдек, ушбу шоуда қозоғистонлик машҳур боксчи Сакен Бибосинов ҳам иштирок этади. Шу боисдан, мазкур бокс кечаси Марказий Осиё бокс ишқибозлари учун катта қизиқиш уйғотмоқда.