locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Жаҳон чемпионларидан ким ЖЧ-2026 га келмайди?

Лионел Скалони ўйинчиларни танлашга шошилмади.
Мақолалар
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Жаҳон чемпионларидан ким ЖЧ-2026 га келмайди?
ФОТО: Getty images

Амалдаги жаҳон чемпиони Аргентина терма жамоаси ЖЧ-2026 учун якуний таркибни энг охиргиларидан бири бўлиб эълон қилди.

Лионел Скалони ўйинчиларни танлашга шошилмади. Натижада, мураббий турнирга максимал мумкин бўлган миқдордаги – 26 нафар футболчини олиб кетмоқда:

дарвозабонлар: Эмилиано Мартинес (“Астон Вилла”), Хуан Муссо (“Атлетико”), Херонимо Рули (“Марсел”);

ҳимоячилар: Науел Молина (“Атлетико”), Гонсало Монтйиел (“Ривер Плейт”), Кристиан Ромеро (“Тоттенҳам”), Лисандро Мартинес (“Манчестер Юнайтед”), Николас Отаменди (“Бенфика”), Николас Таляфико (“Лион”), Леонардо Балерди, Факундо Медина (иккаласи ҳам – “Марсел”);

ярим ҳимоячилар: Жулиано Симеоне, Тяго Алмада (иккаласи ҳам – “Атлетико”), Леандро Паредес (“Бока Хуниорс”), Жовани Ло Челсо (“Бетис”), Родриго Де Паул (“Интер Маями”), Эксекиел Паласиос (“Баер”), Николас Гонсалес (“Ювентус”), Нико Пас (“Комо”), Алексис Мак Аллистер (“Ливерпул”), Энсо Фернандес (“Челси”), Валентин Барко (“Страсбург”);

ҳужумчилар: Хулиан Алварес (“Атлетико”), Лионел Месси (“Интер Маями”), Лаутаро Мартинес (“Интер” Милан), Хосе Мануел Лопес (“Палмейрас”).

ЖЧ-2022 ғолибларининг аксарияти бўлажак жаҳон чемпионатида ҳам ўйнайди, жумладан, иштироки сўроқ остида бўлишига қарамай, Месси ҳам. Аммо – ҳаммаси эмас. Аргентинанинг “олтин” жамоасидан бугунги Скалони жамоаси таркибида тўққиз киши йўқ. Кимлар ва нима учунлигини айтиб берамиз.

· Франко Армани, дарвозабон

· Тўрт йил олдин Армани ва Рули ЖЧ-2022 га асосий дарвозабон Мартинеснинг ўринбосарлари сифатида боришганди. Ўша пайтда 36 ёшли “Ривер Плейт” дарвозабони барча ўйинларни захирада ўтказган бўлса-да, жаҳон чемпиони унвонини ундан ҳеч ким тортиб ололмайди. Энди Франко 39 ёшда – ва у ҳамон Буенос-Айреснинг топ-клубида. Бироқ, 2026-йилги мавсум Армани учун бутунлай омадсиз ўтди. Бу йил у фақат иккита ўйин ўтказди – феврал ва май ойларида, қолган вақтини эса Ахилл пайи жароҳатидан тикланиш билан ўтказмоқда. Катта ёшли дарвозабон Аргентина терма жамоасига охирги марта Америка Кубоги – 2024 га борган, шундан сўнг у миллий терма жамоадаги фаолиятини якунлашга қарор қилган.

· Хуан Фойт, ҳимоячи

· ЖЧ-2022 да “Вилярреал”нинг универсал ҳимоячиси захирада эди. Фойт фақат Хорватия билан ярим финалда – ҳисоб 3:0 бўлиб турганида, ўйин тугашига 10 дақиқа қолганда захирадан майдонга тушди. Эҳтимол, Хуан ЖЧ-2026 да Аргентина терма жамоасининг асосий ўйинчиси бўлишга умид қилгандир, ахир у энди тажрибали 28 ёшли футболчи. Бундан ташқари, у ҳали ҳам “Вилярреал”да ўйнамоқда ва бу жамоа билан Примеранинг кучли учлигидан ўрин олган. Бироқ, насиб қилмади. Жароҳат Фойтга чемпионлик унвонини ҳимоя қилишда иштирок этишига тўсқинлик қилди: январ ойида аргентиналик Ахилл пайини йиртиб олди ва тахминан кузгача сафдан чиқди. Шу сабабли, ЖЧ-2026 олдидан унинг фамилияси ҳатто 55 кишилик кенгайтирилган рўйхатда ҳам йўқ эди. Жорий мавсумда ҳимоячи 18 та ўйинда майдонга тушишга улгурди.

· Херман Песселя, ҳимоячи

2022-йилда Песселя “Бетис” ўйинчиси, Аргентина терма жамоасида эса захира футболчиси эди. Аммо шунга қарамай, у учта ўйинда майдонга тушди. Скалони ҳимоячини гуруҳ босқичида Полша билан, чорак финалда Нидерландия билан ва финалда Франсия билан (116-дақиқада) захирадан майдонга туширган. Энди 34 ёшли Херман – “Ривер Плейт” футболчиси. У ватанига икки йил олдин қайтган. 2025-йил ёзида у тиззасининг хочсимон пайини жароҳатлаб, фақат апрел ойи бошида тикланди. 2026-йилги мавсумда у бор-йўғи саккизта ўйинда майдонга тушди, яна еттитасида эса захира ўриндиғида қолди. Скалони Песселяни жаҳон чемпионатига боришга номзодларнинг кенгайтирилган рўйхатига киритган, бироқ бундай ҳолатда ҳимоячи жамоага ёрдам бера олмаслиги аниқ.

Маркос Акуня, ҳимоячи

Акуня ЖЧ-2022 да Аргентина терма жамоаси учун етарлича муҳим шахс эди. Ҳимоя ва ярим ҳимоянинг чап қанотини ёпа оладиган универсал футболчи гуруҳ босқичида Мексика ва Полша, 1/8 финалда Австралия ва чорак финалда Нидерландияга қарши ўйинларда асосий таркибда майдонга тушган.

Яна икки марта “Севиля” вакили захирадан майдонга туширилган – 1-турда Саудия Арабистонига ва финалда Франсияга қарши (64-дақиқада). 2024-йилда Маркос Аргентинага қайтди ва ўшандан бери “Ривер Плейт”да ўйнайди. 2026-йилги мавсумда 34 ёшли ҳимоячи 17 та ўйинда битта гол ва битта голли узатмага муаллифлик қилди. Акуня кенгайтирилган таркибда ҳам бор эди, бироқ жаҳон чемпионатига Скалони уни олиб кетмади – шунчаки бошқаларни афзал кўрди. Аргентина ОАВ маълумотларига кўра, Маркос мураббийнинг қароридан “ҳайратда ва ҳафсаласи пир бўлган”.

Алехандро Гомес, ярим ҳимоячи

Тўрт йил олдин ёши ўтиб қолган, қарийб 35 ёшли Гомес “Севиля” таркибида ЖЧ-2022 га тайёрлана олди. У ҳатто турнирдаги биринчи ўйинда Саудия Арабистонига қарши асосий таркибдан жой олди. Бироқ сенсацион мағлубиятдан (1:2) сўнг Скалони Папуни захира ўриндиғига ўтказди ва фақат 1/8 финалда Австралияга қарши майдонга туширди. 2023-йил октябр ойида ярим ҳимоячи ЖЧ-2022 олдидан олинган допинг-тестдан ўта олмагани учун икки йиллик дисквалификация олди. Аргентинанинг омади келди, бу воқеа туфайли турнир натижалари қайта кўриб чиқилмади. Бироқ Гомес фаолиятини якунламади ва 2025-йил ноябрида Италия Б Сериясининг “Падова” клуби таркибида майдонга қайтди. Жорий мавсумда у тўққизта ўйинда самарали ҳаракатларсиз ва бир нечта тўпиқ жароҳатлари билан қатнашди. 38 ёшда, бундай спорт формасида бўла туриб, терма жамоа ҳақида орзу қилмаса ҳам бўлади.

Гвидо Родригес, ярим ҳимоячи

Родригес аввалги жаҳон чемпионатига “Бетис” футболчиси сифатида борган. Скалони уни фақат битта ўйинда – гуруҳ босқичининг 2-турида Мексикага қарши майдонга туширди. Қолаверса, асосий таркибда. Марказий ярим ҳимоячи бир соатга яқин ўйнади. Ҳозирда 32 ёшли Гвидо Испанияда “Валенсия” шарафини ҳимоя қилмоқда, у январ ойида “Вест Ҳем”дан эркин агент сифатида ушбу жамоага ўтган. У ЖЧ-2026 га бориш имкониятини ошириш учун клубини ўзгартирди. Агар Англия жамоасида у одатда захирада қолган бўлса, Испания жамоасида асосий таркиб ўйинчисига айланди. 17 та ўйинда тўртта гол урди. Яхши спорт формасига кириб олди, кенгайтирилган рўйхатга киритилди. Аммо барибир якуний қайдномага кира олмади.

Анхел Ди Мария, ярим ҳимоячи

Ди Мария – ЖЧ-2022 да Аргентинанинг асосий юлдузларидан бири. “Ювентус” ярим ҳимоячиси бутун гуруҳ босқичини асосий таркибда ўтказди, бироқ плей-офф олдидан соғлиғида муаммолар пайдо бўлди ва финалгача Анхел фақат чорак финалда Нидерландияга қарши ўйинда иштирок этди – қўшимча вақтда 10 дақиқага майдонга тушди. Лекин Франсия билан олтин учун курашда Ди Мария бир соат давомида ўйнади, бундан ташқари, аргентиналикларнинг иккинчи голига муаллифлик қилди. Бешта ўйинда жами 1+1 натижа қайд этди. Жаҳон чемпионатидаги ғалабадан сўнг ярим ҳимоячи Америка Кубоги – 2024 гача терма жамоада қолди ва бу турнирда ҳам ғолиб чиққач, миллий жамоадан кетди. Лекин 38 ёшида ҳам ҳали “чангитмоқда”. 2026-йилги мавсумда ўзининг “Росарио” жамоаси сафида 20 та ўйин ўтказиб, еттита гол урди ва тўртта голли узатма берди.

Анхел Корреа, ҳужумчи

Ўша Аргентина терма жамоасидаги яна бир Анхел, лекин Ди Мария каби унчалик муҳим шахс эмас. “Атлетико” ҳужумчиси ЖЧ-2022 да фақат битта ўйинда майдонга тушди. Скалони унга, худди Фойтга ўхшаб, Хорватия билан ярим финалда учрашув натижаси шубҳа туғдирмаётган пайтда сўнгги 10 дақиқани ўйнашга имкон берди. 2025-йил ёзида Корреа Европани тарк этди ва ўша кундан бери миллий терма жамоага чақирилмаяпти. 31 ёшли аргентиналик Мексиканинг “Тигрес” клубида ўйнайди, айтганча, бу жамоа яқинда КОНКАКАФ Чемпионлар лигаси финалида пеналтилар сериясида ютқазди. Анхелнинг мавсумдаги натижаси – 50 та ўйинда 18 та гол ва 13 та голли узатма. Яхшигина статистика, аммо шунга қарамай Скалони Корреани ҳатто кенгайтирилган рўйхатга ҳам киритмади. Ундан ташқари ҳам зўр ҳужумчилар етарлича.

Пауло Дибала, ҳужумчи

ЖЧ-2026ъни ўтказиб юборадиган аргентиналиклар рўйхатидаги деярли энг юлдузли исм! Гарчи ўтган турнирда Дибаланинг олтинга қўшган ҳиссаси катта бўлмаган. Ярим финалгача у ўйнамади, Хорватия ва Франсия билан ўйинларда эса якунда захирадан майдонга тушди.

“Рома” форварди самарали ҳаракатларни амалга оширмади, аммо финалда пеналтилар сериясида гол урди. 32 ёшли Пауло ҳамон Рим клубида ва у билан тугаётган шартномасини узайтириши керак. Бу мавсумда у 27 та ўйинда 3 та гол уриб, 8 та голли узатма берди. Жароҳатлар туфайли тахминан тўрт ойни ўтказиб юборди. Скалони уни ҳатто кенгайтирилган таркибга ҳам киритмади. Дибаланинг йўқлигига изоҳ берар экан, мураббий тўрт йил давомида ўз даражасини пасайтирмаганлар терма жамоага чақирилганини таъкидлади.

Розикжон Султонмуродов
Розикжон Султонмуродов
Журналист
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг