locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Жанговор митти давлатлар. Жаҳон чемпионати тарихидаги аҳолиси энг кам бўлган 10 мамлакат

Кюрасао Жаҳон чемпионатига чиққан тарихдаги аҳолиси энг кам давлатга айланди.
Жанговор митти давлатлар. Жаҳон чемпионати тарихидаги аҳолиси энг кам бўлган 10 мамлакат
ФОТО: Getty images

Айрим футбол грандлари учун Жаҳон чемпионатининг финал босқичига чиқиш оддий ҳолдек қабул қилинса, аҳолиси жуда кам бўлган айрим давлатлар учун бу ҳақиқий байрамдир. Дунёда аҳолиси энг кўп мамлакатлардан бўлган Хитой, Ҳиндистон ва Индонезия мундиалга камдан-кам йўлланма олса, анча кичик давлатлар эса мазкур нуфузли мусобақада иштирок этишдан фахрланади.

Қуйида Жаҳон чемпионати финал босқичига чиққан, мусобақа ўтказилган пайтда аҳолиси энг кам бўлган 10 давлат билан танишамиз.

Словения (1,9 миллион аҳоли)

Собиқ Югославия таркибида бўлган Словенияда янги минг йилликкача асосан гандбол ва чанғи спорти оммабоп эди. Аммо Златко Захович бошчилигида жамоа аввал Евро–2000, икки йилдан кейин эса ЖЧ–2002 йўлланмасини қўлга киритди.

Бироқ Жанубий Корея ва Японияда ўтган мундиалда словенияликлар учала учрашувда ҳам мағлуб бўлишди. Захович эса бош мураббий билан кескин жанжалдан кейин мусобақа тугамасидан уйига жўнатилди. Словения яна бир бор 2010 йилги Жаҳон чемпионатига чиқди ва плей-оффда Россияни икки ўйин натижасига кўра мағлуб этди.

Уругвай (1,9 миллион)

Уругвай жаҳон футболи тарихидаги энг муваффақиятли терма жамоалардан бири ҳисобланади. Мамлакат икки карра Жаҳон чемпиони ва икки карра Олимпия ўйинлари ғолиби бўлган.

1930 йилги илк Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилган ва уни ютиб олган пайтда Уругвай аҳолиси икки миллионга ҳам етмасди. Бугунги кунда ҳам мамлакатда атиги 3,4 миллион киши яшайди, аммо у ҳали ҳам жаҳон даражасидаги футболчиларни етиштиришда давом этмоқда.

Бирлашган Араб Амирликлари (1,9 миллион)

БАА 1990 йилги Жаҳон чемпионатига йўлланма олди ва бу билан Япония ҳамда Саудия Арабистони каби Осиё грандларидан аввал мундиалда иштирок этди.

Италияда бўлиб ўтган мусобақада амирликлар Колумбия, Германия ва Югославияга мағлуб бўлиб, гуруҳ босқичидан ўта олмади.

Қувайт (1,5 миллион)

1982 йилда Жаҳон чемпионати иштирокчилари сони 24 тага етказилди ва бу Африка ҳамда Осиё вакиллари учун қўшимча имконият яратди. Қувайт Испаниядаги мундиалда дебют қилган беш давлатдан бири бўлди.

Англия, Франция ва Чехословакия билан бир гуруҳдан ўрин олган араб жамоаси муносиб ўйин кўрсатди. Аммо уларнинг ўша чемпионатдаги иштироки асосан ғалати воқеа билан эсда қолган.

Учрашув пайтида шаҳзода Фаҳд майдонга чиқиб, французлар урган голни бекор қилдиришга ҳаракат қилди. Қувайт футболчилари ҳакам эмас, трибунадан чалинган ҳуштакни эшитдик деб ўйинни тўхтатганини даъво қилган. Совет ҳаками Мирослав Ступар аввал голни бекор қилган бўлса-да, кейин қарорини ўзгартирган. Гарчи ҳисоб 3:1 Франция фойдасига бўлган бўлса ҳам, бу воқеа мундиал тарихидаги энг машҳур можаролардан бирига айланди.

Шимолий Ирландия (1,4 миллион)

Британия футболида кўпинча «камбағал қариндош» сифатида тилга олинадиган Шимолий Ирландия Жаҳон чемпионатларида кутилгандан ҳам яхши натижалар қайд этган.

1982 йилда жамоа мезбон Испанияни мағлуб этиб, иккинчи босқичга чиқди. 1958 йилда эса янада катта муваффақиятга эришиб, Чехословакияни мағлуб этди, Германия билан дуранг ўйнади ва чорак финалгача етиб борди. Ҳар икки мундиалда ҳам уларни Франция мусобақадан чиқарган. 2018 йилги саралашда эса Швейцарияга плей-оффда мағлуб бўлиб, мундиал йўлланмасини қўлдан чиқарди.

Тринидад ва Тобаго (1,3 миллион)

Бир нечта омадсиз уринишлардан кейин Тринидад ва Тобаго ниҳоят 2006 йилги Жаҳон чемпионатига чиқди.

Дастлабки учрашувда жамоа таркибида Ҳенрик Ларссон ва Златан Ибрагимович ҳаракат қилган Швеция билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади. Кейин Англия уларни фақат ўйин сўнггида киритилган икки гол эвазига мағлуб этди. Парагвайга қарши мағлубият эса Кариб денгизи вакилларининг мундиалдаги сафарини якунлади.

Парагвай (860 минг)

1930 йилдаги аҳоли рўйхати баҳсли бўлгани ва ортидан уруш бошлангани сабабли Парагвай аҳолиси илк мундиал пайтида аниқ қанча бўлганини айтиш қийин.

ЖЧ–2026 парагвайликлар учун саккизинчи мундиалга айланди. Ҳозир мамлакат аҳолиси 7,2 миллион нафарни ташкил этади.

Кабо-Верде (528 минг)

2026 йилги Жаҳон чемпионати саралашидаги энг катта сенсациялардан бири Африкада юз берди. Кабо-Верде Камерунни мағлуб этиб, ўз тарихида илк бор мундиалга чиқди.

Африканинг ғарбий соҳиллари яқинида жойлашган орол давлати майдони бўйича қитъадан Жаҳон чемпионатига чиққан энг кичик мамлакат ҳисобланади. Илк учрашувида Испания билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаган Кабо-Верде мустаҳкам ҳимояси ва юқори тактик интизоми билан кўпчиликни ҳайратга солди. Гуруҳни муваффақиятли тугатиб, плей-оффга чиқди.

Исландия (340 минг)

Евро–2016да Англияни мағлуб этиб, чорак финалга чиққан Исландия 2018 йилда Жаҳон чемпионати тарихидаги аҳолиси энг кам иштирокчига айланди.

Хорватия, Туркия ва Украина жой олган саралаш гуруҳида биринчи ўринни эгаллаш осон кечмаган. Россиядаги мундиалда исландлар Аргентина билан дуранг ўйнаб яхши старт олди, аммо кейин Нигерия ва Хорватияга мағлуб бўлиб, гуруҳ босқичида мусобақани тарк этди.

Кюрасао (185 минг)

Кюрасао Жаҳон чемпионатига чиққан тарихдаги аҳолиси энг кам давлатга айланди.

185 минг атрофида аҳолига эга бўлган мамлакат катталиги жиҳатидан кўплаб шаҳарлар билан таққосланади. Мундиалда кюрасаоликлар Эквадор билан дуранг ўйнади, Германия дарвозасига гол урди ва тарихий иштироклари ортидан юртига ҳақиқий қаҳрамонлар сифатида қайтишди.

Спорт — бир босишда!
Жамиятларимизга обуна бўлинг ва спорт воқеаларидан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг