Жамоаcиз қолган топ юлдузлар. Улар кимлар?
Жаҳон чемпионати иштирокчилари орасида эркин агентлар кўп. Улар орасида афсоналар ҳам, янги жамоа қидираётган юлдузлар ҳам бор. Рўйхатда нафақат футбол афсоналари, балки ҳали ҳам юқори даражада тўп сура оладиган машҳур ўйинчилар ҳам ўрин олган.
Уларнинг айримлари деярли янги клубини топиб бўлган ёки амалдаги шартномасини узайтириш арафасида. Бироқ бу барча футболчиларга тааллуқли эмас. Қуйида 2026 йилги жаҳон чемпионатида қатнашган ва ҳозирда эркин агент ҳисобланган энг машҳур 10 нафар футболчи билан танишасиз.
Муҳаммад Салоҳ (Миср)
Transfermarkt талқинига кўра бозор қиймати: 22 миллион евро
34 ёшли Муҳаммад Салоҳ ҳамон Миср терма жамоасининг энг катта юлдузи бўлиб қолмоқда. Бироқ ЖЧ-2026да тажрибали ҳужумчи Ҳоссам Ҳассан бошчилигидаги жамоанинг ҳар бир учрашувида ҳам энг ёрқин футболчи бўла олмади. Бунга, эҳтимол, клуб мавсуми якунида олган жароҳати таъсир қилган бўлиши мумкин.
Шунга қарамай, Салоҳ турнирдаги барча беш учрашувни асосий таркибда бошлади ва 1 та гол ҳамда 2 та голли узатма муаллифи бўлди. У гуруҳ босқичида Бельгияга қарши баҳсда ассист қайд этди, Янги Зеландия дарвозасига эса гол уриб, яна бир голли узатма берди. Аргентинага қарши ўйинда ҳам жамоасининг иккинчи голли ҳужумида иштирок этди.
Статистикага кўра, Салоҳ Миср сафида зарбалар сони бўйича учинчи ўринни эгаллади (9 та, шундан 4 таси аниқ). Бироқ голли вазият яратиш (16 та ҳал қилувчи узатма) ва рақибларни алдаб ўтиш (8 та дриблинг) бўйича жамоада тенгсиз бўлди.
Франк Кессье (Кот-д'Ивуар)
Transfermarkt талқинига кўра бозор қиймати: 12 миллион евро
29 ёшли Франк Кессье — Кот-д'Ивуар терма жамоаси сардори. «Барселона» ва «Милан»нинг собиқ ярим ҳимоячиси ЖЧ-2026да муваффақиятли иштирок этиб, жамоасининг 1/16 финалга чиқишига катта ҳисса қўшди. У ерда ивуарликлар Норвегияга муносиб қаршилик кўрсатди ва фақат ўйин сўнггида Эрлинг Холанд урган гол туфайли мағлуб бўлди.
Кессье турнирда тўртта учрашувда майдонга тушиб, Германия дарвозасига киритилган гол билан ажралиб турди. Шунингдек, у жамоа ўйинида мувозанатни таъминлаб, рақиб майдонидаги аниқ узатмалар сони бўйича (40 та) терма жамоада иккинчи натижани қайд этди.
Франк «Ал-Аҳли»дан кетгач, эркин агентга айланди. Саудия клубида у сўнгги уч мавсумни ўтказган эди. Энди эса Италияга қайтишни истамоқда. Tuttosport маълумотига кўра, унга «Ювентус» қизиқиш билдирган.
Жаҳон чемпионати давомида Кессье бу ҳақда ҳазиломуз тарзда шундай деганди:
«Ювентус" ҳақидаги гап-сўзларни ўқидим. Фақат битта нарсани айтаман: мен улар учун ажойиб трансфер бўлардим. Ҳозир яхши спорт формасидаман, Жаҳон чемпионатида ўйнаяпман ва эркин агентман. Яна нимани исташ мумкин? Шунинг учун ҳам кўплаб клублар мени истаяпти ва улар ҳақ. Агентим ишлаяпти, бизга кўплаб қўнғироқлар бўляпти ва бу табиий ҳол. Мен ўзим ҳам шундай шароитда ўзимни жамоага таклиф қилган бўлардим».
Каземиро (Бразилия)
Transfermarkt талқинига кўра бозор қиймати: 6 миллион евро
34 ёшли Каземиро учун ЖЧ-2026 Бразилия терма жамоаси каби турлича кечди. Қувончли лаҳзалар ҳам, омадсиз эпизодлар ҳам бўлди.
Унинг турнирдаги энг ёрқин воқеаси Японияга қарши баҳсда урган голи бўлди. Айнан шу гол Карло Анчелотти шогирдларига камбэк бошлаш имконини берди. Бу Каземиронинг мусобақадаги ягона самарали ҳаракати бўлди.
Статистикага кўра, у Бразилия сафида Дуглас Сантосдан кейин тўпни тортиб олишлар сони бўйича иккинчи ўринни эгаллади (14 марта). Шунингдек, тўпни олиб қўйиш (6), ютиб чиқилган яккакурашлар (27) ва аниқ узун узатмалар (15) бўйича ҳам жамоанинг энг яхшилари қаторидан жой олди. Бироқ унинг айрим хатолари рақиб голларига ҳам сабаб бўлди.
Ёзда Каземиро тўрт йиллик фаолиятидан кейин «Манчестер Юнайтед» билан хайрлашди. Аммо у фаолиятини якунлашни режалаштирмаяпти. Фабрицио Романо маълумотига кўра, бразилиялик ярим ҳимоячи «Интер Майами» билан оғзаки келишувга эришган ва тез орада Лионель Месси жамоасига қўшилиши мумкин. Расмий шартнома имзоланса, бу МЛС клуби учун жуда кучли трансфер бўлади.
Лука Модрич (Хорватия)
Transfermarkt талқинига кўра бозор қиймати: 3,5 миллион евро
Хорватия терма жамоаси сардори Лука Модрич ЖЧ-2026да жамоасини имкони борича узоқроқ олиб бориш учун бор кучини сарфлади. Бироқ хорватлар 1/16 финалда Португалияга мағлуб бўлиб, мусобақани тарк этишди.
Албатта, 40 ёшли Модрич ўзининг энг юқори спорт формасидаги давридан анча узоқлашган. Шунга қарамай, у турнирдаги тўрт учрашувда Ганага қарши баҳсда битта голли узатма амалга оширди.
Ярим ҳимоячи рақиб майдонидаги аниқ узатмалар (45 та) ва ҳал қилувчи узатмалар (7 та) бўйича Хорватия терма жамоасининг энг яхши футболчиси бўлди. Шунингдек, тўпни тортиб олишлар сони бўйича ҳам кучли учликдан ўрин олди.
Шу тариқа, Лука ўзининг эҳтимолий сўнгги Жаҳон чемпионатида муваффақиятсиз ўйнади, деб бўлмайди.
Унинг келажаги ҳақида турли маълумотлар тарқалди. Инсайдер Николо Скира Модрич ЖЧ-2026дан кейин фаолиятини якунлаши мумкинлигини билдирган бўлса, La Gazzetta dello Sport журналисти Лука Бианчиннинг хабар беришича, хорват маэстроси «Милан» билан шартномасини узайтиришга жуда яқин турибди. «Россонерилар» раҳбарияти тажрибали плеймейкерни жамоада сақлаб қолишдан манфаатдор.
«Милан» раҳбарияти ҳам, жамоанинг янги бош мураббийи Рубен Аморим ҳам Лука Модрич билан ишлаш истагини билдирган. Энди фақат тажрибали хорват футболчисининг якуний қарори кутилмоқда.
Давид Алаба (Австрия)
Transfermarkt талқинига кўра бозор қиймати: 3 миллион евро
Давид Алабанинг фаолияти сўнгги йилларда жароҳатлар билан боғлиқ муаммолар туфайли қийин кечди. Шу сабабли у ЖЧ-2026да Австрия терма жамоасига қай даражада ёрдам бера олиши номаълум эди.
Бироқ 34 ёшли марказий ҳимоячи барча тўрт учрашувда илк дақиқалардан майдонга тушди. У ҳимояда ҳақиқий етакчи сифатида ҳаракат қилди ва Жазоирга қарши баҳсда голли узатма ҳам амалга оширди.
Статистикага кўра, Алаба рақиб ярмидаги аниқ узатмалар (84) ва узоқ масофали аниқ паслар (12) бўйича жамоасининг энг яхши футболчиси бўлди. Шунингдек, тўсиб қолинган зарбалар (3) бўйича иккинчи, яккакурашлардаги ғалаба фоизи (55%) бўйича эса кучли учликдан жой олди.
Бош мураббий Ральф Рангник уни эҳтиёт қилди ва гуруҳ босқичидаги ҳар бир учрашувда майдондан эртароқ олиб чиқди.
Ёзги трансферлар ойнасида Алаба беш мавсумлик фаолиятидан кейин «Реал»ни тарк этди. Энди эса унинг кейинги манзили номаълумлигича қолмоқда. Corriere dello Sport маълумотига кўра, футболчининг агенти уни «Милан» ва «Ювентус»га таклиф қилган. Шунингдек, МЛС, Саудия Арабистони, Туркия ҳамда «Ред Булл Зальцбург» клублари ҳам ҳимоячига қизиқиш билдирмоқда.
Шу боис, Алаба фаолиятини АҚШда давом эттириши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.
Хамес Родригес (Колумбия)
Transfermarkt талқинига кўра бозор қиймати: 1,5 миллион евро
Колумбия футболининг юлдузи Хамес Родригес (12 июль куни 35 ёшни қарши олди) ЖЧ-2026да кутилганидан ҳам яхшироқ ўйин намойиш этди.
Тажрибали плеймейкер мусобақадаги барча беш учрашувни асосий таркибда бошлади ва айниқса гуруҳ босқичида жамоанинг ҳужумларини ташкил қилишда муҳим роль ўйнади.
Гарчи у турнирни гол ёки голли узатмасиз якунлаган бўлса-да, рақамлар унинг аҳамиятини кўрсатиб турибди. Хамес Колумбия сафида рақиб ярмидаги аниқ узатмалар (75) ва ҳал қилувчи паслар (11) бўйича энг яхши натижа қайд этди. Бироқ у бирор марта ҳам ўйинни охиригача майдонда ўтказмади.
Жаҳон чемпионатидан олдинги олти ойни Родригес МЛСнинг «Миннесота Юнайтед» клубида ўтказди. Ёзда томонлар ўзаро келишган ҳолда ҳамкорликни якунлашди.
Май ойида Хамес фаолиятини тугатиши ҳақидаги миш-мишларни рад этиб, ўйинни давом эттиришини маълум қилди. Илгари унга Мексиканинг «Америка» клуби қизиқиш билдирган эди. Журналист Руди Галеттининг сўнгги маълумотига кўра, ҳозирда «Лацио» ҳам колумбиялик ярим ҳимоячини ўз сафига қўшиб олиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Рикардо Родригес (Швейцария)
Transfermarkt талқинига кўра бозор қиймати: 1,4 миллион евро
Эркин агентлар рўйхатидаги яна бир Родригес — Швейцария терма жамоасининг асосий чап қанот ҳимоячиси Рикардо Родригес.
33 ёшли футболчи ЖЧ-2026да Мурат Якин жамоасининг барча олти учрашувини асосий таркибда бошлади, чап қанотни ишончли ҳимоя қилди ва Аргентинага қарши чорак финалда голли узатма муаллифи бўлди.
У швейцарияликлар сафида тўпни тортиб олишлар (11) бўйича биринчи, рақиб ярмидаги аниқ узатмалар (74) бўйича иккинчи натижани қайд этди. Шунингдек, ҳал қилувчи паслар (7) ва тўпни узоқлаштиришлар (13) бўйича ҳам кучли учликдан ўрин олди.
Икки мавсумдан кейин Родригес «Бетис» билан янги шартнома борасида келишувга эриша олмади ва клубни тарк этди.
Ҳозирча унинг келажаги бўйича аниқ маълумот йўқ. Футболчининг ўзи эса ҳар қандай таклифни кўриб чиқишга тайёрлигини айтган.
«Ҳатто Дубай, Қатар, АҚШ ёки Япониядан бўлса ҳам», — деган Родригес.
Бу эса у бошқа мамлакатлар, жумладан Россия клубларидан келадиган таклифларга ҳам очиқ эканини англатади.
Эдин Жеко (Босния ва Герцеговина)
Transfermarkt талқинига кўра бозор қиймати: 1 миллион евро
Босния ва Герцеговина футболининг афсонаси Эдин Жеко ЖЧ-2026да 40 ёшида иштирок этди.
У гуруҳ босқичида Канадага қарши илк учрашувни соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабаб ўтказиб юборди. Кейинги икки тур ҳамда АҚШга қарши 1/16 финал баҳсида асосий таркибда майдонга тушди. Бироқ америкаликларга қарши ўйинда жароҳати сабаб 50-дақиқада алмаштирилди.
Жеко ҳамон Босния ҳужумларининг асосий фигураси бўлиб қолганига қарамай, турнирда гол ёки голли узатма қайд эта олмади. У бор-йўғи уч марта дарвоза томон зарба берди ва улардан бири устунга тегди.
Тажрибали ҳужумчи ўтган мавсумнинг иккинчи ярмини «Шальке»да ўтказди. У 2026 йил январь ойида жамоага қўшилиб, клубнинг Бундеслигага қайтишига катта ҳисса қўшди. Жеко 11 учрашувда 6 та гол ва 3 та голли узатма билан ажралиб турди.
Инсайдер Николо Скира маълумотига кўра, Жаҳон чемпионатидан олдин «Шальке» раҳбарияти Жеко билан шартномани яна бир йилга узайтиришни режалаштирган эди. Аммо босниялик ҳужумчи якуний қарорни ЖЧ-2026 тугаганидан кейин қабул қилишини маълум қилган.
Эдин Жеконинг айтишича, у ўзининг кейинги қарорига соғлиғига қараб баҳо беради. Ҳозирча бу борада ҳеч қандай янгилик йўқ. Энди афсонавий ҳужумчининг Жаҳон чемпионатидаги «сўнгги рақси»дан кейин қайси жамоада фаолиятини давом эттириши қизиқ бўлиб турибди.
Эрьян Нюланд (Норвегия)
Transfermarkt талқинига кўра бозор қиймати: 800 минг евро
Эрьян Нюланд Эрлинг Холанд билан биргаликда Норвегия терма жамоасини ЖЧ-2026 чорак финалига олиб чиққан асосий қаҳрамонлардан бири бўлди.
Айниқса, унинг 1/8 финалда Бразилияга қарши кўрсатган ўйини катта таассурот қолдирди. 35 ёшли дарвозабоннинг бир қатор ажойиб сейвлари Столе Сольбаккен шогирдларига ўйинда қолиш ва баҳс тақдирини ўзгартириш имконини берди.
Нюланд турнирдаги беш учрашувда 16 та сейв амалга оширди, дарвозасига йўлланган зарбаларнинг 70 фоизини қайтарди ва еттита гол ўтказиб юборди.
Жаҳон чемпионатидан олдин Норвегия Россияда туғилган дарвозабон Никита Хайкинни фуқароликка қабул қилишга уринган эди. Аммо Нюланд ўз ўйини билан биринчи рақам мақомига муносиб эканини исботлади. Тўғри, Англияга қарши чорак финалда Морган Роджерснинг жарима майдони ташқарисидан берган зарбасини муваффақиятсиз қайтариб юборгани голга сабаб бўлди.
Шунга қарамай, ЖЧ-2026даги муваффақиятли иштирок Нюландга янги клуб топиш имкониятини оширди. У ўтган мавсум якунида уч йиллик фаолиятидан кейин «Севилья»ни тарк этди. Сўнгги мавсумда кам ўйин амалиётига эга бўлган дарвозабонга норвегиялик манбаларга кўра, Англия Премьер-лигасининг беш клуби қизиқиш билдирмоқда.
Вариантлардан бири — «Манчестер Сити». Бироқ у ерда Нюланд асосан захира дарвозабони сифатида кўрилмоқда. Шунингдек, «Лидс Юнайтед» ҳам унга даъвогарлар сафида.
Возинья (Кабо-Верде)
Transfermarkt талқинига кўра бозор қиймати: 50 минг евро
Возинья ЖЧ-2026нинг энг кутилмаган қаҳрамонларидан бири сифатида тарихда қолиши мумкин.
40 ёшли дарвозабон Кабо-Верде терма жамоасини елкасида етаклаб, Испанияга қарши гуруҳ босқичидаги (0:0) ҳамда Аргентинага қарши 1/16 финалдаги (2:3) учрашувларда фантастик ўйин кўрсатди.
У турнирдаги тўрт баҳсда жами 18 та сейв амалга ошириб, зарбаларнинг 78 фоизини қайтарди ва атиги бешта гол ўтказиб юборди.
Бир неча кун ичида деярли ҳеч ким танимайдиган дарвозабон миллионлаб мухлисларга эга машҳур футболчига айланди.
Бироқ унинг келажаги ҳозирча ноаниқ. Возинья сўнгги икки мавсумни Португалия иккинчи дивизионининг «Шавиш» клубида ўтказди. Ёзда шартномаси якунлангач, эркин агентга айланди.
Жаҳон чемпионатидан кейин унга қизиқиш ортиши табиий. Аммо 40 ёш унинг эҳтимолий харидорларини иккилантириши мумкин.
Marca маълумотига кўра, дарвозабон «Интер Майами»га ўтиши мумкин. Бу трансферда Лионель Мессининг тавсияси муҳим роль ўйнаган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Фабрицио Романо эса Бразилия Серия B клублари Возинья билан музокаралар олиб бораётганини хабар қилди.