Унга бутун фаолияти давомида ишонишмаган немис Вардиси ҳақида
2022 йилги Жаҳон чемпионатида Германия терма жамоаси учта ўйинда 10,1 xGлик имконият яратди, аммо атиги олтита гол урди.
Самарадорликнинг пастлиги бундестимнинг гуруҳ босқичидаёқ шармандали тарзда мусобақани тарк этишига сабаб бўлди. Марказий ҳужумчи муаммоси жамоани узоқ вақтдан бери таъқиб қилиб келмоқда — деярли Мирослав Клозе давридан буён.
Ханси Флик ва Юлиан Нагельсманн турли вариантларни синаб кўришди: «сўзма-сўз тўққизлик» ролини бажарган Томас Мюллер ва Кай Хаверц, шунингдек Буркардт, Фюллькруг ва Вольтемаде каби ҳужумчилар. Аммо буларнинг барчаси муаммонинг вақтинчалик ечими эди, холос.
2026 йилги Жаҳон чемпионатида Нагельсманн бирданига тўрт ҳужумчини олиб келди: Хаверц, Вольтемаде, Байер ва Дениз Ундав. Ундав эса навбат охирида эди — 29 ёш, «Штутгарт»да ўйнайди ва Германиядан ташқарида унча машҳур эмас. Ҳа, у мавсум давомида 25 та гол урди ва жамоаси билан Бундеслигада тўртинчи ўринни олди. Аммо мақом жиҳатидан у рақибларидан ортда эди.

Кюрасаога қарши илк тур ўйинида Ундав формал равишда майдонга туширилди — 64-дақиқа, ҳисоб 4:1 эди. Бироқ у имкониятдан маҳкам ушлади: тўрт дақиқадан кейин Браунга голли пас берди, сўнг ўзи гол урди ва ўйин охирида Хаверцга ассист қилди. Бу ажойиб чиқишга қарамай, Кот-д’Ивуарга қарши иккинчи турда Нагельсманн уни яна захирада қолдирди. Мураббийни тушуниш мумкин эди — чарчаган Кюрасао ҳимоясига қарши ўйнаш бошқа, Африканинг кучли жамоаларидан бирига қарши ўйнаш бошқа. Аммо Ундав яна захирадан тушиб, ажойиб самара кўрсатди: дубль қайд этиб, Германияга қийин ўйинда ғалаба келтирди ва ҳозир Лионель Месси ҳамда Жонатан Дэвид билан бирга мусобақа тўпурарлари рўйхатида етакчилик қилмоқда. Энг қизиғи, у майдонда жами бир соатдан сал кўпроқ вақт ўтказган!
«У жарима майдонида жуда ақлли ўйнайди», — деди ўйиндан кейин Нагельсманн. — «Кейинги ўйинда уни асосий таркибда тушириш масаласини муҳокама қиламиз».

Аслида эса Ундавга деярли ҳеч қачон ишонишмаган. Ҳатто Нагельсманн уни ЖЧ саралаш ўйинларига ҳам чақирмаган. У камбағал курд-езид оиласида туғилган ва фаолиятини энг паст лигада бошлаган. «Вердер» академиясига қабул қилинган, аммо тез орада истеъдодсиз деб топилиб, жамоадан четлатилган.
Профессионал футболга йўлни тўртинчи дивизиондан бошлаган: «Айнтрахт» (Брауншвейг)да имкониятни жароҳат туфайли қўлдан бой берган, яна паст лигага қайтган. Фақат 24 ёшида Бельгиянинг иккинчи дивизионидаги «Юнион»га ўтди — жамоани элитага олиб чиқди ва биринчи мавсумнинг ўзида чемпионликка эришди. Ўзи эса 27 гол билан турнир тўпурари бўлди. Бу ҳикоя Жейми Вардининг йўлини эслатмайдими?
Sky Sports’га берган интервьюсида Ундав ривожланишида рафиқаси Танянинг ўрни катта бўлганини айтган. У унинг ҳаёт тарзини ўзгартирган: аввал машғулотдан кейин дам олиб, нотўғри овқатланарди, ҳозир эса режимга амал қилиб, Бельгияда беш килограмм вазн ташлаган.
Кейин «Брайтон»да омадсиз трансфер ва «Штутгарт»га ҳал қилувчи ўтиш юз берди. Бу ерда у Себастьян Хёнесс қўл остида янги қирраларини очди. Жамоанинг юқори прессингга асосланган тезкор футболи Ундавга жуда мос тушди.
Германия Вольтемаде ва Буркардтнинг ўсишини кузатаётган пайтда, Ундав сояда қолиб, ўз имкониятини кутиб яшади. Энди эса у ҳақда жиддий гапирила бошланди. Сўнгги 8 ўйинда 9 та гол — бу жуда кучли натижа. У Мирослав Клозедан кейин Жаҳон чемпионатининг илк икки ўйинида гол урган биринчи немисга айланди.
Бу эса уни ЖЧ-2026нинг энг катта кашфиётларидан бирига айлантириши мумкин.