locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Шахмат. Видит Гуджрати (2708) профессионал шахматдан кетмоқчимикан?

Ҳинд гроссмейстери, атиги 31 ёшда бўлишига қарамай, профессионал шахматдан четлашмоқда.
Мақолалар
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Шахмат. Видит Гуджрати (2708) профессионал шахматдан кетмоқчимикан?
photo: Chess Uzbekistan

Видит Гуджрати — ҳинд гроссмейстери, атиги 31 ёшда бўлишига қарамай, профессионал шахматдан четлашмоқда.

“Мен энди ўзимни фаол ўйинчи деб ҳисобламайман”, — дейди Гуджрати. “Бу онгли қарор эди: ўтган йил охирида турнирлар сонини камайтиришга қарор қилдим. Бу йил кўплаб муҳим, йирик мусобақаларда қатнашмадим. Ҳатто Grand Swiss каби турнирларда, иштироким олдиндан тасдиқланган бўлса ҳам, охирги дақиқагача ўйнайманми-йўқми деб иккиланиб юрдим. Ростини айтсам, умуман хоҳиш йўқ эди”.

“2024 йилги Намзодлар турниридан кейин ўзимни психологик жиҳатдан ёмон ҳис қилдим, кейин эса ички чалкашлик бошланди”, — дея тан олади Гуджрати. “Мақсадга етишим билан (Намзодлар турнирига чиқдим), мотивация йўқолди. 2022–2024 йиллар давомида жуда оғир режимда — кунига 14–16 соатлаб ишладим.

Шунда ўзимдан сўрадим: мен ростдан ҳам шундай ҳаётни давом эттирмоқчиманми? Шунда бир қадам орқага чекинишни хоҳладим. Ўзимга ёқадиган бошқа машғулотлар билан шуғуллана бошлаганимда эса ички дилеммага тушиб қолдим. Шунинг учун шахмат мусобақаларини атайлаб камайтиришга қарор қилдим”.

Шахматдан узоқлашган сари Гуджрати “вайб-кодинг” — сунъий интеллектга йўналтирилган дастурий таъминот яратишга қизиқиб қолди. Ҳозирга келиб у профессионал шахматчилар учун иккита шахмат сайтини яратган. Шунга қарамай, у ўйинга бўлган мотивация яна қайтишига умидвор.
“Қалбимнинг бир чеккасида ҳали ўз салоҳиятимни тўлиқ очмаганман, деган туйғу бор. Лекин шу билан бирга тушунаман: ўша уч йил ичида шахматга бор кучимни бердим. Натижа ҳам бўлди — агар максимал даражада ишласам, Намзодлар турнирига чиқишим мумкинлигини исботладим”, — дейди у.

“Мен мағлубиятларни енгиб ўта олиш борасида кучли инсон эмасман. Бу менинг афсусларимдан бири: агар ҳиссиётларни яхшироқ назорат қила олганимда, камида 30–40 Elo рейтинг очко қўшган бўлардим (ҳозир рейтинги 2708). Фаол фаолият даврида айнан шу жиҳатни енголмадим.

Мен жараёнга шу қадар берилиб кетгандимки, шахмат билан яшадим, нафас олдим, овқатландим. Лекин ҳеч нарсадан афсусланмайман — бу йўлдан ўтганимдан хурсандман, чунки энди ички хотиржамликка эришдим: қўлимдан келган ҳамма нарсани қилдим”, — дея қўшимча қилади Гуджрати.

У ҳозирча фаол ўйнашдан чекинаётган бўлса-да — навбатдаги турнирини январда, Калкуттадаги Tata Steel’да ўтказишни режа қилган, ундан кейin эса аниқ режа йўқ бўлса-да, ҳали айрим орзуларидан воз кечган эмас. Улардан бири — мураббийлик.
“Шунча йўлни босиб ўтгандан кейин, энди энг юқори чўққига чиқиш учун нима кераклигини биламан”, — дейди у. “Агар иқтидорли ёш шахматчи билан ишласам, уни ҳақиқатан ҳам кейинги босқичга олиб чиқа оламан. Балки бу мен учун жаҳон чемпионилигига яқинлашишнинг бошқа йўли бўлар”.

Видитнинг ўрнида бўлганингизда, сиз қандай йўл тутар эдингиз?

Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг