Пелени кўрган ўйингоҳ катта футбол билан хайрлашмоқда!
Aнглиянинг энг рамзий ва қадимий жойларидан бири бўлган, шунингдек энг қизиқарли ўйинларни гувоҳига айланган “Goodison Park” стадиони 1892 йилдан бери “Эвертон”нинг уй учрашувларини ўтказувчи майдон сифатида фаолият юритиб келаётган эди. 133 йилдан кейин, машхур Мерсисайд ўйингоҳи ортиқ “Эвертон” эркаклар бош жамоасига ҳизмат қилмайди.

"Toffees”лар ("Toffees"-бу “Эвертон” клубининг лақабларидан бири бўлиб, унинг асл маъноси Aнглияда тайёрланадиган ширинлик тури ҳисобланади) фаолиятини “Enfield” ўйингоҳида бошлаган, лекин ушбу стадион раҳбари билан юзага келган келишмовчилик туфайли “Гоодисон Парк”ни қуришга қарор қилинган.

“Goodison Park” 1894 ва 1910 йилги Англия кубоги финалларига мезбонлик қилган ҳамда 1966 йили Англияда бўлиб ўтган (инглизларнинг ягона чемпионлиги қўлга киритилган) Жаҳон чемпионатининг бешта баҳсини ҳам ўз бағрида ўтказган.

Ўйингоҳ 1994 йили сиғими 39 532 мухлис учун мўлжалланиб, кенгайтирилди. “Goodison Park”да "Эвертон" Биринчи дивизион совринини тўққиз марта ютган ва уларнинг энг сўнггиси 1986/87 йилги мавсумга тўғри келади.

"Эвертон"нинг “Goodison Park”дан бошқа жойга кўчиши йигирма йилдан бери муҳокама қилиб келинаётган эди. 1996 йилги режалар молия етишмаслиги сабабли тўхтаб қолган эди.

Кейинги лойиҳа 2006 йили муваффақиятсизликка учраган. Ўшанда клуб мухлислар орасида кўчиш ёки қолиш масаласида сўровнома ўтказган. Якунда сўровнома натижасидан қатъи назар, кўчишга ҳукумат томонидан рухсат берилмаган.

2017 йили “Toffees”лар эгаси Билл Кенрайт янги стадион учун жой танланганини тасдиқлади ва йил охирида режа ҳам аниқ бўлди. Мухлислар сиғимини янада кенгайтириш ҳамда иқтисодий жиҳатдан яхшиланиш клубни янги стадионга кўчишга асосий сабаб сифатида кўрсатилди.

Мавсум тугагандан сўнг “The Grand Old Lady” (Катта кампир) "Эвертон" асосий эркаклар жамоаси учун энди хизмат қилмайди. Янги мавсумдан бошлаб ушбу ўйингоҳ "Эвертон" аёллар жамоаси ҳамда академия иштирокидаги ўйинларга мезбонлик қилади. Шу тариқа пеленни кўрган стадион катта футбол билан хайрлашмоқда.

"Эвертон"нинг янги ўйингоҳига “Hill Dickinson Stadium” деб ном берилди ва у Ливерпулнинг шимолида, яъни “Goodison Park”дан 2.1 мил узоқликда жойлашган. Бу тахминан автомобилда 10 дақиқа, ёки пиёда 45 дақиқалик йўлни билдиради. Шунингдек, шаҳар марказидаги “Royal Liver Building” биносидан 1.5 мил узоқликда жойлашган.

Агар шаҳар марказидан пиёда боришни истасангиз, 30 дақиқа атрофида юришингизга тўғри келади. Агар автобусда келишни хоҳласангиз 919, 929, 939 йўналишларидан бирига чиқишингиз керак бўлади. Велосипедлар учун ҳам шароитлар мавжуд. Фақат гуруҳ бўлиб тўпланиб турган мухлислар томонидан велосипедда келиш тавсия этилмайди.

“Hill Dickinson Stadium” ўз бағрига 52 888 ишқибозни сиғдира олади. Бу “Stamford Bridge” каби ҳайбатли ўйингоҳдан ҳам каттароқ бўлган Англиядаги еттинчи майдон ҳисобланади. “Манчестер Юнайтед”, “Манчестер Сити”, “Aрсенал”, “Ливерпул”, “Вест Хем”, “Тоттенхем” кабилар юқори олтиталикни эгаллаган.

Расмий манбаларга кўра янги стадион 500 миллион евро маблағ эвазига қурилган, аммо унинг асл қиймати 800 миллион евродан кўпроқ эканига шубҳа йўқ.

"Эвертон" “Hill Dickinson Stadium”га янги мавсумдан кўчиб ўтади. Клубнинг U18 жамоаси орқали янги стадион синовдан ўтказилди. Ушбу баҳсга ўн минг мухлис ташриф буюриб, шароитлар билан танишди.

“Hill Dickinson Stadium” 2028 йили Англияда ўтказилиши режалаштирилган Европа чемпионатининг саралаб олинган ўйингоҳларидан бири бўлади.
