locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Иззатилла Абдуллаев: \"Ўзбекистон клубларидан таклиф бўлса, Суперлигага қайтишим мумкин\"

Мақолалар
Розикжон Султонмуродов
Розикжон Султонмуродов
Журналист
Иззатилла Абдуллаев: "Ўзбекистон клубларидан таклиф бўлса, Суперлигага қайтишим мумкин"
ФОТО: FC Ozgen

Фаолияти давомида "Бухоро", "Нефтчи", “Локомотив” каби жамоаларда ўтказган ярим ҳимоячи Иззатилла Абдуллаев 2025 йилги мавсумни Қирғизистоннинг “Озген” жамоасида бошлади. Sports24.uz сайти 28 ёшли ҳимоячи билан суҳбатлашди.

– Иззатилла, Қирғизистондаги фаолиятингиз қандай кечмоқда? “Озген”да ҳаммаси жойидами?

- Ҳа, албатта. “Озген”даги фаолиятим яхши давом этмоқда. Умуман олганда чемпионат қизиқарли ўтмоқда, ҳар бир турда муросасиз беллашувлар кўп бўляпти. Қисқаси, бу ерда ҳаммаси яхши.

- Нима сабабдан “Озген” клубидан тушган таклифни қабул қилдингиз? Ўзбекистон клубларидан таклиф бўлмадими?

- Қирғизистон чемпионатига келишимдан олдин “Бухоро” билан келишувга эришгандим. Чунки бу жамоа билан Про лигага биргаликда йўл олгандик ва фаолиятимни шу ерда давом эттиришим деярли аниқ эди. Ўзбекистонда трансфер ойнаси ёпилишига 1 кун қолганда жамоа билан ўртамизда бироз келишмовчилик юзага келди. Натижада “Буохоро"ни тарк этдим. Шу вақт “Озген” клубидан таклиф тушди. Бунда дўстим Жавоҳир Соҳибовнинг ҳиссаси катта бўлди. Клуб билан гаплашдим, менга шароитлари маъқул келди ва ярим мавсум жамоасиз қолиб кетмаслик мақсадида бу таклифга розилик бердим. Яширмайман, Қирғизистонда ҳаммаси яхши давом этмоқда, муҳими, ўйин амалиётига эга бўляпман.

– Қирғизистон чемпионати даражаси ҳақида нима дейа оласиз?

– Бу йил чемпионат ёмон эмас. Чунки жамоалар сони оширилган. Бундан ташқари, жамоаларда барча шароитлар яхши даражага чиққан. Чемпионатда ўйнаётган барча клублар сифатли легионерлар билан кучайди. Майдонлар ҳам талаб даражасида эканлигига гувоҳ бўлдим.

- Клуб томонидан яратилган шароитлар сизга маъқул келяптими?

- Шароитлар яхши. Бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ дея оламан. Фақат майдонга чиқиб, жамоа манфаати учун боримизни беришимиз керак.

- Ёзда Суперлигага қайтишни истайсизми ёки “Озгон” билан мавсумни якунлашни мақсад қилганмисиз?

- Ҳозирча жамоа билан мавсум охиригача шартномам бор. Аммо ёзда Ўзбекистон клубларидан таклиф бўлса, Суперлигага қайтишим мумкин. Албатта, бу борада “Озген” раҳбарияти билан келишган ҳолда бир қарорга келаман. Ҳозирча бу ҳақда ўйлаганим йўқ. Биринчи давра ўйинлар тез орада якунланади. Ана шундан кейин бу ҳақда ўйлаб кўриш мумкин.

Спорт — бир босишда!
Жамиятларимизга обуна бўлинг ва спорт воқеаларидан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг