Илҳом Ҳамроев: «Турнирдаги ҳар бир ўйин Осиё кубогига ҳам тайёргарлик вазифасини ўтаб боради»
Ўзбекистон футзал жамоаси Саудия Арабистонида давом этаётган Ислом Бирдамлиги турнирида иштирок этмоқда.
Озарбайжон билан ўйиндан сўнг миллий жамоа етакчи аъзоси Илҳом Ҳамроевнинг фикрларига қулоқ тутдик.
“Озарбайжон билан яхши ўйин бўлди. Стартдан бошлаб ҳужумлар сонини кўпайтирдик, ташаббусни қўлга олдик ва яратилган имкониятлардан максимал фойдаландик. Натижада йирик ҳисобидаги муваффақиятга эришдик.
Бу ўйинга қадар мезбон Саудия Арабистони футзалчиларига қарши ҳам ўйнагандик. Табиийки, улар билан анча қийин кечганди. Ҳар ҳолда улар мезбонлиги ҳам билиниб турганди.
Ташкилотчлик борасида ҳеч қандай муаммо йўқ. Ҳаммаси яхши ташкиллаштирилганининг гувоҳи бўлдик.
Турнирда кучли жамоалар йиғилган. Марокаш ва Эроннинг қандай салоҳиятга эга эканлигини ҳамма яхши билади. Шунингдек, қолганлар ҳам кашфиётчиларга айланиши ҳам мумкин.
Мақсадимиз ўйиндан ўйинга сифатли ва ғалабали тарзда ҳаракат қилиш. Турнирдаги ҳар бир баҳс биз учун Осиё кубогига ҳам тайёргарлик вазифасини ўтаб боради”, - деди Ҳамроев.