locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

ЎФФ президенти миллий терма жамоа билан учрашди

Бекзод Мамақулов миллий терма жамоа аъзолари билан учрашув ўтказди.
Мақолалар
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
ЎФФ президенти миллий терма жамоа билан учрашди
Фото: Ўзбекистон футзали

Футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси жорий йилнинг 27-январ – 7-феврал кунлари Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё Кубоги–2026 финал босқичи мусобақасида иштирок этади. Ҳамюртимиз “C” гуруҳидан ўрин олган бўлиб, унда тўрт карра Осиё чемпиони Япония, қўшни Тожикистон ҳамда яшил қитъа вакиллари — Австралия терма жамоаларига қарши баҳс олиб боради.

Мусобақа олдидан бугун Ўзбекистон футзал федерацияси (ЎФФ) президенти Бекзод Мамақулов миллий терма жамоа аъзолари билан учрашув ўтказди.

Мулоқот давомида ЎФФ раҳбари жамоага самимий тилакларини билдириб, халқимиз миллий терма жамоадан доимо ҳужумкор ва ғалабага чанқоқ ўйинлар кутшини таъкидлади. Йил бошида қўлга киритиладиган ютуқлар бутун мавсум давомида футбол жамоатчилигига кўтаринки кайфият бағишлашини қайд этар экан, футзалчиларни ижобий натижа йўлида бор куч ва маҳоратларини сафарбар этишга чақирди.

“Сизларнинг ҳар бир ҳаракатингиз, ҳар бир голингиз ортида миллионлаб инсонларнинг умиди ва орзуси бор. Биз сизларга ишонамиз. Сизлар нафақат ғалаба учун, балки миллат ифтихори учун майдонга тушишингиз, олдингизга қўйилган вазифани шараф билан адо этишингиз лозим”, — деди Бекзод Мамақулов.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Нодир Элибоев жамоа Осиё Кубоги финал босқичи баҳсларига ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, футзалчилар айни пайтда ҳам жисмоний, ҳам руҳий жиҳатдан юқори спорт формасида бўлиб, жамоа бирдамлик ва интизом асосида ҳаракат қилмоқда.

Шунингдек, терма жамоа ўйинчилари номидан сардоримиз Илҳом Ҳамроев ҳамда ЎФФ Тиббиёт департаменти бошлиғи Лазизбек Тешабоев сўзга чиқишди. Улар футболчиларнинг барчаси соғ-саломат эканини, мусобақага тўлиқ тайёр ҳолда йўл олишётганини таъкидлаб, ЎФФ раҳбарияти ва футзал жамоатчилигига билдирилаётган ишонч учун миннатдорлик изҳор этишди.

“Турнир давомида йигитлар бор куч ва ғайратларини ишга солиб, мухлисларимизни қувонтирадиган натижалар билан юртимизга ёруғ юз билан қайтиш ниятида сафарга йўл оляпти”, — деди Илҳом Ҳамроев.

Йиғилиш якунида Ўзбекистон футбол фахрийлари Кенгаши раиси Раҳимиддин Зикриявев ҳамда ЎФФ президенти маслаҳатчиси Аваз Азизхўжаев сўзга чиқиб, ҳар бир футболчининг ортида Ватан шаъни ва халқ ишончи турганини алоҳида таъкидлашди. Улар миллий терма жамоа мураббийлар штаби ва футболчиларига мусобақа баҳсларида омад ёр бўлишини тилаб, оқ фотиҳа беришди.

Розикжон Султонмуродов
Розикжон Султонмуродов
Журналист
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг