Фаррух Зокиров: «Тажрибамни халқаро майдонда синаб кўришни истадим»
“Нефтчи” футзал жамоаси бош мураббийи Фаррух Зокиров хорижда фаолиятини давом эттиради. Тажрибали мутахассис Малдив ороллари миллий жамоасига тайинланди. Шундан сўнг Sports24.uz мухбири Зокиров билан суҳбатлашди.
“Яқинда Малайзияда инструкторлар семинарида қатнашгандим. Ўша ерда Малдив ороллари футзал жамоасидан таклиф келиб тушди. Натижада улар менга икки ойлик шартнома таклиф қилишди. Икки ой ичида миллий жамоани SAFF мусобақасига тайёрлайман. Халқаро майдонда тажрибамни синаб кўриш учун ҳам ушбу таклифга розилик билдирдим.
Очиғи, таклиф вақтида ҳеч қандай иккиланиш бўлгани йўқ. Биринчисидан тажрибамни халқаро майдонда синаб кўришни истадим. Келишув муддати кўп эмас. Халқаро тажриба олиш имконига эга бўламан. Ҳамма томонни ўйлаб, розилик бердим.
Малдивда футзал майдони ҳам йўқ. Бу ерда очиқ майдонда шуғулланишади. Лекин улар футзални янада ривожлантирмоқчи. Маҳаллий мураббийларни футзал бўйича билимларини оширишга бел боғлашган. Қисқаси, ўзим учун таклиф жуда қизиқарли туюлди.
Миллий жамоа билан йиғинда бўлган вақтимда “Нефтчи”да ёрдамчи мураббийларим ишларни давом эттиришади. Уларга тўлиқ ишонаман. Шунингдек, доимий алоқада бўлиб турамиз. “Нефтчи” Олий лигадаги иштирокини давом эттираверади.
Олдинда бизни Таиланддаги турнир кутмоқда. Қисқа вақт ичида имкониятлардан келиб чиққан ҳолда тайёргарлик кўрамиз. Декабр ойи охирила Хитойда йиғин ташкил қилинади. Муносиб қатнашишни режа қилганмиз. Шунга яраша тайёрланяпмиз. Гуруҳда Ҳиндистон, Покистон, Непал, Бангладеш, Бутан ва Шри-Ланкага қарши ўйнаймиз. Ҳиндистон жиддий рақиб. Чунки уларни эронлик мутахассис Реза Корди бошқармоқда. Қолган жамоаларни ҳам турнир стартига қадар ўрганишда давом этамиз”, - деди Зокиров.