Денис Иванков: «Охирги 10 йилда дарвозабонлар учун талаблар ўзгарди»
Ўзбекистонлик дарвозабонлар мураббийи Денис Иванков айни пайтда "Нефтчи" мураббийлар штабида ишламоқда. Sports24.uz сайти тажрибали мураббий билан суҳбатлашди.
- Нега айнан дарвозабон бўлишга қарор қилгансиз? Ҳамма болалар гол уришни хоҳлайдику...
- Кичкиналигимда отам мураббий бўлиб ишлаганида машғулотларга кўп борардим. Борганда менга дарвозабон қўлқопини кийиш ва уларнинг машғулотларини томоша қилиш ёқарди. Каттароқ бўлганимда дарвозани қўриқлашни бошладим. Лекин кўчада, маҳаллада футбол ўйнасак ҳамма каби ҳужумда ўйнардим.
- 18 ёшингизда Нукусга боргансиз ва "Аралводстроевец" клубида ўйнагансиз. Тошкентдаги болакайда Нукусдан вариант қандай пайдо бўлган?
- Синфдошим Даврон Досумов ўша клубда ўйнарди. Жамоага дарвозабон керак эди. 1990 йил биринчи давра якунида Досумов Нукусга борасанми деб сўради. Мен 18 ёшдаман ва кетдик дедим. Онам Нукусга кетишимга қарши бўлганди, отам эса "хавотир олма, тезда қайтади" деб айтганди. "Аралводстроевец"да асосий таркибда ўйнадим, ўшанда 1994 йилги Осиё йинлари чемпиони бўлган Бердаҳ Алланиязов билан рақобат қилгандим.
- Отангиз Александр Иванков ҳам мураббий бўлган. Уни қандай ёдга оласиз?
- Отамни тартибли ва ростгўй, ҳақиқатпарвар инсон сифатида эслайман. Қаерда ишлаган бўлсалар ҳам ўзларидан яхши ном қолдирганлар. Ҳозир ҳам у билан бирга ишлаган фахрийлар билан гаплашиб қолсам, отамни фақат яхши хотиралар билан ёдга олишади.
- Сизда дарвозабонлар мураббийи бўлиш истаги қачон пайдо бўлган. Футболчилик пайтидами ёки фаолиятингизни тугатгандан кейинми?
- Фаолиятимни тугатганимдан кейин. Футболчиликни якунлагандан сўнг орада бир муддат Ўзбекистонда яшамадим ва футболдан узоқ эдим. Қайтиб келганимда отам "Кимёгар"да ишларди. Унга Григорий Цейтлин ёрдам берарди. Бир кун улар менга дарвозабонлар билан ишлаб кўришни таклиф қилишди. Ишлаб кўрдим ва менга ёқди. Ярим йилдан кейин Баҳром Давлатов мени "Машъал" академиясига таклиф қилди ва дарвозабонлар мураббийи сифатидаги фаолиятим бошланиб кетди.
- Қўл остингизда ишлаган Топ-3 дарвозабон?
- Элдорбек Суюнов, Санжар Қувватов ва Ўткир Юсупов. Санжар ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ўйнади, Элдор миллий терма жамоада кўплаб ўйинлар ўтказди. Ўткир эса ҳозирги кунда миллий терма жамоанинг биринчи рақамли посбони ва Жаҳон чемпионатига чиқди. Уларнинг ҳаммаси учун хурсандман.
- 2018 йил берган интервьюингизда Ўткир Юсуповда бир қанча камчиликлар бор деб айтгандингиз. Юсупов қачон бу камчиликлардан халос бўлди?
- Менимча, "Фулад"га ўтганидан кейин камчиликларидан халос бўлди. Биламан у клубда дарвозабонлар мураббийи италиялик. У кучли мураббий ва машғулотлари ҳам қизиқарли. Юсупов энди олдингидек қўпол хатолар қилмаяпти ва Эронда жуда ҳам катта ўсишга эришди.
- Сўнгги 10 йилда дарвозабонларнинг футболдаги роли қанчалик ўзгарди?
- Дарвозабонлар учун талаблар ўзгарди. Аммо ҳозир ҳам дарвозабон барибир биринчи навбатда тўпни қайтариши ва жамоасини қутқариши керак. Ҳозир дарвозабон кўпроқ охирги ҳимоячидек ўйнашни билиши керак. Замонавий футболда дарвозабон жамоасининг ҳужумини бошлаб бермоқда.
- Қайси ёш дарвозабонлар 3-4 йилдан кейин миллий терма жамоада ўйнаши мумкин?
- Отабек Боймуродов, Никита Шевченко, Эдем Немановни алоҳида кўрсатган бўлардим. Лекин ҳеч қайси ёшлар терма жамоаларида ўйнмай, кечроқ потенциалини намойиш этадиган кучли дарвозабон ҳам чиқади. Бунга ишончим комил.
- "Реал"нинг украиналик дарвозабони Андрей Лунинни танийсиз деб эшитганман. У қандай инсон?
- Андрей топ дарвозабон, яхши йигит. У билан танишман. Агар унда қандайдир савол бўлса бемалол мурожаат қилади ёки менда савол пайдо бўлса унга ёзаман. Масалан, яқинда мен ўзим унга ёздим. Андрей оилапарвар йигит ва жуда яхши инсон.
- Барча даврларнинг энг яхши 3 украиналик дарвозабонини айта оласизми?
- Украинада доим кучли дарвозабонлар бўлган. Агар замонавий даврни олсак Александр Шовковский, Анатолий Трубин, Андрей Лунин ва Георгий Бушчан каби посбонлар бор. Собиқ Иттифоқ пайтида эса Евгений Рудаков, ака-ука Чановлар, Сергей Краковский каби яхши дарвозабонлар ўйнашган. Қисқа қилиб айтганда Украинада доим дарвозабонлар мактаби кучли бўлиб келган.
- Сиз ишлаётган Фарғонанинг "Нефтчи" клуби Суперлига биринчи даврасини иккинчи ўринда тугатди. Иккинчи даврада пешқадам "Насаф"дан ўтиб кета оласизларми?
- Албатта, "Нефтчи" билан чемпион бўлмоқчиман. Нафақат "Насаф" балки бошқа рақобатчилардан ҳам тепароқда бўлишни истаймиз. Бу йил чемпионлик учун кураш қизиқарли бўлади.
- Биринчи даврада Суперлигамизда кўплаб дарвозабонлар бир қанча қўпол хатолар қилишди. Бунга тўп сабабчими ёки бошқа сабаби борми?
- Менимча айб тўпларда эмас. Тўплар яхши сифатли. Ҳозирча ҳамма тўғри ишламоқда дея олмайман. Иккинчи даврада барча дарвозабонларга омад тилайман ва камроқ хато қилишларига тилакдошман.