locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

«Челси» бош мураббийлиги учун 6 та номзод

Клуб янги мураббий изламоқда.
Мақолалар
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
«Челси» бош мураббийлиги учун 6 та номзод
ФОТО: Getty images

Лондоннинг “Челси” клуби келгуси йил учун янги мураббий изламоқда. Бу борада бир нечта мураббийлар номлари келтирилмоқда. Бироқ клуб якуний қарорга келмаган. Аммо рўйхатда бир қатор катта номларни кўриш мумкин. Улар ҳозирда ишсиз ва “Челси”дан тушган таклифларни қабул қилиш эҳтимоли йўқ эмас.

Хави
“Барселона”ни тарк этганидан бери Хави ишсиз. Айрим манбаларга кўра, испаниялик мутахассис “Челси”ни бошқариши мумкин. Ҳаттоки, “кўклар” раҳбарияти мураббийнинг агентлари билан суҳбатлашган ва унинг қизиқишлари қандайлигини хабардор бўлган. Лекин Хави асосий номзод эмаслигини ҳам айтилмоқда. Чунки Хави илгари АПЛда ишламаган ва клуб ортиқча таваккал қилишни истамаяпти.

Агар клуб ўзлари истаган мураббий билан келиша олмаса, Хави вариантига қайтиши мумкин. Чунки у ҳозирда ишсиз ва топ жамоадан бўладиган таклифга рад жавобини ҳам қайтармаса керак.

Марку Силва
Бу мураббийнинг ҳам “Фулхэм” билан шартномаси якунига етмоқда. Бироқ жамоа португалиялик мутахассисга уч йиллик битим таклиф қилган. У эса якуний қарорга келиш учун раҳбариятдан вақт сўраган. Чунки Силва олдидан бир нечта топ жамоалардан таклифлар бор.

Эҳтимол, Марку “Челси”ни бошқариши ҳам мумкин. Гарчи имкониятлар бироз паст бўлишига қарамай, “кўклар” раҳбарияти шорт-листига Силвани ҳам киритган. Унинг талаблари юқори бўлмаса, келишув амалга ошиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Силва бир неча йиллардан бери АПЛда муваффақиятли ишламоқда ва лигадаги футболни яхши билади. Айниқса, топ жамоаларга қарши кечадиган беллашувларга жамоасини яхши тайёрлай олади. Шу жиҳатлари билан Силва “Челси” раҳбариятининг назарига тушган бўлиши мумкин.

Оливер Гласнер
Австриялик машҳур мураббий “Кристал Пэлас”даги саргузаштларини якунламоқда. Фақат жамоа билан Европа Конференциялар лигасида ғолиб чиқиши мумкин. Ҳозирда жамоада ажойиб имконият бор. Ўтган йили улар Англия кубогида муваффақият қозониб, шов-шув кўтарганди.

Гласнер “бургулар”да қолиши мумкин эди. Бироқ у топ жамоалардан бирида ишлашни истамоқда. “Челси” унинг атрофидаги вазиятни анчадан кузатади ва келишувга эришишига ишонади. Бироқ Гласнер Германия футболига қайтиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Чунки унга талабгор жамоалар кўпчиликни ташкил этмоқда.

Фелипе Луис
“Челси”нинг собиқ ҳимоячиси Филипе Луис клуб бош мураббийлиги учун асосий номзод бўлиб турибди. Лондон клуби бразилиялик мутахассисни ёздаёқ жамоага олиб келиш вариантини кўриб чиқмоқда. “Челси” раҳбарияти Луисни таркибни тубдан қайта қуриш ва “Стемфорд Бриж”да янги ўйин услубини шакллантиришнинг асосий калити деб ҳисобламоқда.

Луис 2014/2015 йилги мавсумда “Челси”да ўйнаган. Лондон клуби таркибида бразилиялик футболчи 26 та учрашув ўтказган ҳамда жамоанинг Англия Премьер Лигаси ва Лига Кубогида ғолиб чиқишига ёрдам берган.

Луис билан музокаралар фаол босқичда олиб борилмоқда ва у асосий даъвогарлар рўйхатидан ўрин олган. Бразилиялик мутахассис жорий йилнинг март ойида “Фламенго”дан истеъфога чиқарилган эди ва ўшандан буён эркин агент бўлиб турибди.

Андони Ираола
Бу мураббий камтарона “Борнмут” билан ажойиб тарзда ишламоқда. Жамоа еврокубокларга йўлланма олиш арафасида. Бироқ унинг жамоадаги ҳикояси якунига етмоқда. Испаниялик мутахассисга топ жамоалар қизиқмоқда. Лекин у ҳозирча бир қарорга келмаган. Аввалроқ унга “Атлетик” таклиф билан чиққан эди. Кейинчалик басклар Эдин Терзич номзодини маъқул деб топишди. Ҳозирда у “Челси” бошқарувига ҳам муносиб номзод сифатида қаралмоқда. Чунки Андони лига футболини яхши билади.

Энди якуний қарорни Лондон клуби мураббийлар штаби томонидан қабул қилинади. Агар клуб мураббий билан ҳамкорлик қилишни истаса, Андони бунга қаршилик қилмаса керак.

Хаби Алонсо
Испаниялик мутахассис жамоа бошқаруви учун асосий номзод ҳисобланади. Қайд этилишича, Алонсо номзодини Лондон клуби раҳбариятидаги катта бир гуруҳ қўллаб-қувватламоқда.

Аввалроқ у “Ливерпул”ни бошқариши мумкинлиги хабар қилинганди. Бироқ мерсисайдликлар Арне Слот билан ҳамкорликни давом эттириш истагини билдирган.

Эндиликда Алонсо “кўклар”ни бошқариши мумкин. “Челси” испаниялик мутахассисга трансферлар ва таркибни шакллантириш каби муҳим масалаларда кенг ваколатлар беришга тайёр. Хаби Алонсо январь ойи ўрталарида «Реал»дан истеъфога чиқарилганидан бери клубсиз юрибди

Розикжон Султонмуродов
Розикжон Султонмуродов
Журналист
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг