Бразилия фаворит, Гаити учун жиддий синов. С гуруҳидаги вазият қандай?
Жаҳон чемпионати иштирокчиларини таништиришда давом этамиз. Бугун С гуруҳига етиб келдик. Бу ерда Бразилия, Марокаш, Шотландия ва Гаити жой олган.
Бразилия
Мураббий
Карло Анчелотти — пентакампеонлар учун идеал танлов. Бразилия федерацияси аввалданоқ номдор, ҳужумкор футболни афзал кўрадиган хорижлик мутахассис излаётган эди. Итальян мураббийнинг барча томонларни қониқтириши унинг ҳатто федерациядаги сиёсий кураш даврида ҳам қўллаб-қувватланганидан маълум бўлди.
Раҳбарият алмашгандан кейин ҳам Анчелотти билан ҳамкорликни давом эттириш учун қисқа муддат ичида барча шароитлар яратилди ва у ЖЧ–2026гача шартномасини узайтирди.
Юлдуз
Бразилия таркибида ҳар бир чизиқда жаҳон даражасидаги футболчилар бор: дарвозада Алиссон, ҳимояда Маркиньос ва Габриэль, марказда тажрибали Каземиро.
Ҳужумда эса асосий юлдузлар — Винисиус ва Рафинья. Шунингдек, Неймарга ҳам катта умид боғланган, гарчи унинг ҳолати соғлиғига боғлиқ бўлса-да.
Мақсад
Бразилия асосий фаворитлар қаторига кирмаса-да, титул учун даъвогарлардан бири ҳисобланади. Минимум вазифа — чорак финалга чиқиш, энг яхши натижа эса ярим финалга етиш.
Чемпионлик эҳтимоли (Opta): 6,46%
Марокаш
Мураббий
Марокко футболидаги “мўъжиза” муаллифи Валид Реграги март ойида истеъфога чиқди. Бу қарор ҳиссий чарчоқ ва уйда ўтган Африка миллатлар кубоги финалидаги мағлубиятдан кейин қабул қилинди.
Ҳозир Марокко терма жамоаси яна 2022 йилги тарихий натижа арафасидаги ҳолатга қайтгандек. Янги ғоялар эса икки фуқароликка эга, Белгияда туғилган мутахассис Муҳаммад Уахби кутилаяпти.
49 ёшли мураббий ўтган йили Марокко ёшлар термасини жаҳон чемпионлигига олиб чиқиб, ўзини намоён этган эди.
Юлдуз
Жамоада учта асосий фигурани ажратиб кўрсатиш мумкин.
Дарвозада — Ясин Буну. У “Севилья” сафида Европа лигасини икки бор ютган ва пенальтилардаги ишончли ўйини билан танилган.
Жамоанинг етакчиси — Ашраф Ҳакимий. “ПСЖ” юлдузи терма жамоада стандарт вазиятлар ижрочиси сифатида ҳам катта роль ўйнайди. Унинг аҳамиятини Африка кубогидаги иштироки ҳам кўрсатди — жароҳатга қарамай, жамоа уни тўлиқ тикланишини кутди.
Янги авлоднинг юзи — Браҳим Диас. У Африка кубогида турли ролларда кўринди: аввалига қаҳрамон, финалда эса омадсиз пенальти ижрочисига айланди.
Мақсад
Сўнгги жаҳон чемпионатида ярим финалгача етиб борган жамоадан кутилишлар юқори. Аммо яна бир бор сенсацион натижа қайд этиш осон эмас.
Гуруҳдан чиқиш ва плей-оффда камида бир-икки босқичдан ўтиш — энг реал сценарий. Шу билан бирга, илк босқичдаёқ кучли рақиб — масалан, Нидерландия билан тўқнаш келиш эҳтимоли ҳам бор.
Чемпионлик эҳтимоли (Opta): 1,72%
Шотландия
Мураббий
Стив Кларк — турнирдаги энг тажрибали мураббийлардан бири. У 7 йилдан бери жамоани бошқармоқда ва шартномасини 2030 йилгача узайтирди.
Унинг қўл остида Шотландия катта прогрессга эришди: 1998 йилдан бери илк бор ЖЧга йўлланма олди.
Юлдуз
Жамоанинг асосий фигураси — Скотт Мактоминай. Унинг ҳужумга яқинроқ ўйнаши карьерасини янги босқичга олиб чиқди.
Шунингдек, Эндрю Робертсон ва Жон Макгинн жамоанинг руҳий етакчилари ҳисобланади.
Мақсад
Шотландия тарихда ҳали плей-оффга чиқмаган. Асосий мақсад — гуруҳ босқичидан ўтиш.
Чемпионлик эҳтимоли (Opta): 0,20%
Гаити
Мураббий
Себастьян Минье— турли мамлакатларда ишлаган тажрибали мутахассис. У қийин шароитларга қарамай, Гаитини мундиалга олиб чиқди.
Жамоа ўз уй ўйинларини нейтрал майдонларда ўтказишга мажбур бўлганига қарамай, кучли рақибларни ортда қолдирди.
Юлдуз
Жамоанинг етакчиларидан бири — Жан-Рикнер. Ҳужумда эса Дюкенс Назон ажралиб турди.
Янги юлдуз сифатида Вильсон Изидор эътибор марказида. У илгари Франция ёшлар терма жамоаларида ўйнаган, аммо энди Гаити шарафини ҳимоя қилмоқда.
Мақсад
Гаити учун асосий вазифа — гол уриш ва камида бир очко тўплаш. Жамоа аутсайдер бўлса-да, кутилмаган натижа қайд этиши мумкин.
Чемпионлик эҳтимоли (Opta): 0,01%.