locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

АПЛда кимнинг ўрни хавф остида? Истеъфога энг яқин беш мураббий

Тез орада илк истеъфо юзага келиши мумкин.
Мақолалар
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
АПЛда кимнинг ўрни хавф остида? Истеъфога энг яқин беш мураббий
Фото: Getty Images

Англия Премьер-лигасида янги мавсум ҳали қизиб улгурмаган бўлса-да, айрим мураббийлар аллақачон жиддий босим остида қолди.

Натижаларнинг қониқарсизлиги, катта трансфер харажатлари ва юқори мақсадлар фондида бир қатор клублар раҳбарияти мураббийларининг келажагини қайта кўриб чиқиши мумкин.

Айни пайтда энг кўп муҳокама қилинаётган номлар — «Тоттенҳэм» бош мураббийи Роберто Де Дзерби, «Манчестер Юнайтед» устози Майкл Кэррик, «Фулҳэм» раҳбари Альваро Арбелоа ва «Кристал Пэлас» бош мураббийи Пьер Саж.

Роберто Де Дзерби — «Тоттенҳэм»

Роберто Де Дзерби учун Англиядаги янги босқич ҳозирча режадагидек кечмаяпти. Италиялик мутахассис март ойида «Тоттенҳэм» бошқарувини қабул қилган ва ёзги трансферлар даврида клуб таркибни кучайтириш учун катта маблағ сарфлаган.

Бироқ «шпорлар» мавсум стартиида кутилган натижаларни кўрсата олмади. Жамоа дастлабки турларда ғалаба қозона олмагани ва турнир жадвали қуйи қисмида қолиб кетгани сабаб Де Дзербининг келажаги муҳокамага чиқди.

Айниқса, клубнинг трансфер бозорида сарфлаган маблағи билан натижалар ўртасидаги фарқ мураббийга бўлган босимни оширмоқда. Бироқ ҳозирча «Тоттенҳэм» раҳбарияти Де Дзербини истеъфога чиқариш бўйича аниқ қарор қабул қилгани ҳақида ишончли хабар йўқ.

Майкл Кэррик — «Манчестер Юнайтед»

Кэррик ўтган мавсумда «Манчестер Юнайтед»ни Чемпионлар лигасига қайтаришга муваффақ бўлган эди. Шу сабаб унга янги мавсум олдидан ишонч билдирилган.
Аммо мавсум бошидаги беқарор натижалар вазиятни ўзгартирди. «Юнайтед»нинг «Манчестер Сити»га мағлубияти ва «Фулҳэм» билан учрашувдаги қийинчилиги мураббий атрофидаги босимни кучайтирди. Жамоанинг Лига кубогида «Брайтон»га қарши 2:0 ҳисобидаги устунликни бой бериб, мағлуб бўлиши ҳам танқидларни кучайтирган.

Энг қизиғи, халқаро танаффусдан кейин «Манчестер Юнайтед»ни «Тоттенҳэм»га қарши муҳим учрашув кутиб турибди. Шу боис Кэррик учун яқин ҳафталар алоҳида аҳамият касб этиши мумкин.

Альваро Арбелоа — «Фулҳэм»
«Фулҳэм» мавсум бошида янги мураббийга ишонч билдирди. Реал Мадрид тизимида танилган Альваро Арбелоа Лондон клубидаги фаолиятини мураккаб бошлади.

Дастлабки турларда жамоа ғалаба қозона олмади ва бир нечта учрашувда мағлуб бўлди. Арбелоа жамоага янги тактик ғояларни сингдиришга ҳаракат қилмоқда, аммо футболчиларнинг янги услубга мослашиши осон кечмаяпти.

Шу билан бирга, «Ливерпуль»га қарши учрашувда қайд этилган 0:0 ҳисобидаги дуранг «Фулҳэм» учун ижобий сигнал бўлди. Энди Арбелоа учун асосий вазифа — жамоани қуйи ўринлардан олиб чиқиш ва натижаларни барқарорлаштириш.

Френк Лэмпард — «Ковентри»

«Ковентри» Чемпионшипда ҳужумкор футболи билан чемпионликни қўлга киритиб, АПЛга катта ишонч билан кириб келганди. Бироқ юқори дивизионда вазият бутунлай бошқача тус олди.

Жамоа тўрт тур давомида рақиблар дарвозасини ишғол қила олмади. Бу учрашувларнинг барчаси мағлубият билан якунланди, голлар нисбати эса 0:10ни ташкил қилди.

Албатта, «Ковентри»нинг тақвими ҳам Лэмпард жамоасига енгиллик қилмади. Мавсум бошидаёқ «Арсенал» ва «Манчестер Сити» каби АПЛ фаворитларига қарши майдонга тушишга тўғри келди. Фрэнк Лэмпарднинг мураббийлик фаолиятида юқори дивизиондаги муаммолар биринчи марта кузатилаётгани йўқ.

У «Челси» ва «Эвертон»да ҳам ишлаган, бироқ АПЛда барқарор натижа кўрсатиш унга осон кечмаган. Аксинча, Чемпионшипда Лэмпарднинг иши анча самарали кўринди.

Энди «Ковентри» билан у ўзининг АПЛдаги имкониятларини яна бир бор исботлаши керак.

Пьер Саж — «Кристал Пэлас»

Пьер Саж ҳам янги жамоасида катта босим билан иш бошлади. У «Кристал Пэлас»га Оливер Гласнердан кейин келди. Австриялик мутахассис клуб тарихидаги энг муҳим натижалардан бирини қайд этиб, жамоа билан совринларни қўлга киритган эди.

Шу сабаб Саж зиммасидаги вазифа осон эмас. Франциялик мутахассиснинг «Пэлас»даги дастлабки натижалари эса турлича баҳоланмоқда: жамоа чемпионатда барқарорликни намойиш эта олмаётган бўлса-да, Европа Лигасидаги йирик ғалаба мураббийга бироз нафас ростлаш имконини берди.

Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг