Аббос Отахонов: «Таиланд қирол кубогини ютишни истаймиз»
Тажрибали ҳимоячи Аббосжон Отахонов охирги бир мавсумни Таиланднинг «Муангтонг Юнайтед» клубида ўтказди. Ушбу клуб билан ОЧЛ-2 турнирида ҳам иштирок этди. Жамоа билан мавсумни 6-ўринда якунлади. Эндиликда мамлакат қирол кубоги финалида иштирок этиши кутилмоқда. Sports24.uz cайти Отахонов билан суҳбатлашди.

Якунланган мавсум ҳақида
- Таиландда мавсум якунига етди. Биз учун ёмон ўтгани йўқ. Чемпионатни 6-ўринда якунладик. Таиланд Қирол кубогида финалга чиқдик. Энди эса 24 май куни финал баҳсида майдонга тушамиз. Мақсадимиз ушбу турнирда ғолиб чиқиб, мавсумни соврин билан тугатиш.
Келажаги ҳақида
- «Муантонг Юнайтед» билан шартномам муддати якунланмоқда. Аммо раҳбарият мен билан келишув муддатини узайтиришни истамоқда. Шу сабабли айни вақтда жамоа билан келишувни узайтириш борасида музокараларни бошлаганмиз. Қолаверса, бошқа мамлакатлардан ҳам таклифлар йўқ эмас.
Таиланд чемпионати савияси ҳақида
- Чемпионат савияси яхши. Мен жамоа билан ички чемпионатда ўйнаб, кўрдим. Умуман олганда чемпионатда ҳар бир ўйин қизиқарли ва муросасиз кечади. Олдиндан ким ғалаба қозонишини билмайсиз. Чунки ҳар бир жамоада яхши савиядаги легионерлар кўпчиликни ташкил этади. Бу эса ўйинлар янада юқори даражада ўтишини белгилайди. Қисқаси, лиганинг савияси кўпчилик ўйлаганидан ҳам анча юқори. Қолаверса, мухлислик маданияти ҳам юқори даражада эканлигини гувоҳи бўлдим.

Қийинчиликлар ҳақида
- Албатта, ўзига яраша қийинчиликлари бор. Биринчи навбатда таом масаласида бироз қийналдим. Қолаверса, об-ҳаво ҳам анча муаммо туғдирди. Чунки бу ерда намлик жуда юқори. Бу ерга келганимда бошида бироз мослашиб олгунимча қийинчиликлар кузатилди. 2-3 ой вақт ўтганидан сўнг барчаси жойига тушиб, кўникиб қолдим.

Ўзбекистон Суперлигасига қайтиши ҳақида
- Тўғриси, Суперлига жамоаларидан ҳозирча таклиф бўлгани йўқ. Лекин ҳали бизда чемпионат биринчи давраси ниҳоясига етгани йўқ. Балки энди Суперлига жамоаларидан таклифлар бўлиши мумкин. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Қаерда ўйнаш пешонамизга ёзилган бўлса, ўша ерда тўп суришда давом этамиз.