Ўзбекистонлик теннисчилар ATF 14&U Dubai турнирида ғолиб чиқишди
2025 йил 11–17-октябрь кунлари Дубай шаҳрида (БАА) ATF 14&U Dubai, 2-даражали халқаро ёшлар теннис турнири бўлиб ўтди. Турнир Осиё ва Европанинг энг кучли ёш теннисчиларини бирлаштирди.
Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган ёш спортчилар мусобақада ажойиб натижалар кўрсатишди.
Ўғил болалар ўртасидаги жуфтлик баҳсларида ўзбекистонлик Азамжон Зиятов ва Абдулазиз Ахатов финалда Гонконг вакиллари Даниел Мо ва Лок Чу дуэтини 3–6, 6–4, 10–6 ҳисобида мағлуб этиб, чемпионликни қўлга киритишди.
Қизлар жуфтлик баҳсларида ҳам ўзбекистонлик теннисчи Мумтозбегим Акрамова Қозоғистон вакили Мария Акатова билан биргаликда ғалаба қозонди. Улар финалда Гонконг вакиллари Wei Chu ва Yan Chan дуэтини 6–2, 6–3 ҳисобида енгиб, турнир ғолибларига айландилар.
Дубайдаги турнир натижалари Ўзбекистонда ёшлар тенниси тизимли ривожланаётганини ва истиқболли спортчиларни тайёрлаш дастури самарали натижа бераётганини яна бир бор тасдиқлади.