Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийлар штаби хорижлик мутахассис ҳисобига кучайтирилди
Ўзбекистонда спортни ривожлантиришга давлат даражасида устувор аҳамият берилмоқда. Президентимизнинг ташаббуси билан хорижлик мутахассисларни жалб этиш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар амалга оширилмоқда. Бу эса самарали тажриба алмашиш, спортчи ва мураббийларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, миллий терма жамоаларнинг жаҳон майдонидаги мавқеини мустаҳкамлашни таъминламоқда.
Бугунги кунда турли жамоалар таркибида хорижлик мураббийлар муваффақиятли фаолият юритмоқда ва уларни жалб қилиш амалиёти юқори самарадорлик кўрсатмоқда. Ушбу сиёсатни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон дзюдо федерацияси эркаклар терма жамоаси мураббийлар штабида янги аъзо, россиялик мутахассис Камил Магомедов билан шартнома имзоланди. Шартнома Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Комилов ва Камил Магомедов томонидан имзоланди.
Маълумот учун: 44 ёшли Камил Магомедович Магомедов спортчилик фаолияти давомида -81 ва -90 вазн тоифаларида иштирок этган. 2012 йили у жамоавий жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган, уч карра Европа чемпионати совриндори бўлган. Шунингдек, Европа кубоги ва полиция ходимлари ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан.
Бундай даражадаги мутахассисларни жалб қилиш миллий дзюдомизни ривожлантириш ва Ўзбекистон терма жамоасининг энг йирик халқаро мусобақалардаги рақобатбардошлигини оширишда муҳим бўғин ҳисобланади.