UzChess Cup: Абдусатторов Якуббоевдан мағлубиятга учради, Синдаров Аржунга қарши дуранг ўйнади, 6-тур шарҳи
Тошкентда давом этаётган 105 000 долларлик мукофот жамғармасига эга UzChess Cup халқаро турнирида 6-тур беллашувлари якунланди. FIDE Circuit учун муҳим рейтинг очколари ўйинга қўйилган ушбу мусобақада катта интрига ва кутилмаган натижалар кузатилди.
6-турнинг энг қизиқарли партиясида Нодирбек Абдусатторов яна бир ўзбекистонлик гроссмейстер — Нодирбек Якуббоевга мағлуб бўлди. Бу натижа кўпчилик учун сюрприз бўлди.
Шу турда ҳиндистонлик юлдуз Рамешбабу Праgгнанандха ҳам мағлубиятга учради — у оқ доналарда Ричард Раппортга ютқазди. Қолган партиялар дуранг билан якунланди.
Жавоҳир Синдаров дунёининг кучли шахматчиларидан бири — Аржун Эргайсига қарши қора доналарда мувозанатни сақлаб, дуранг қайд этди. Эронлик Парҳам Мақсудлу ва россиялик Ян Непомняший ҳам очколарни бўлишиб олишди. Шамсиддин Воҳидов эса ҳиндистонлик Аравиндҳ Читтамбарамга қарши ўйинни дуранг билан якунлади.
Challengers гуруҳида 6-тур “ўзбек дербиси” билан ёдда қолди — Гулруҳбегим Тоҳиржонова ва Муҳаммадзоҳид Суяров ўзаро бахсда кучлар тенг келди. Пешқадам Николас Теодору Жаҳонгир Воҳидов устидан ғалаба қозонди, Муҳиддин Мадаминов эса Виталия Сивукка қарши дурангга эришди.
Futures гуруҳида пешқадамликни сақлаб келаётган Ортиқ Ниғматов яна бир бор ғалаба қозонди — у англиялик Алан Пичотни мағлуб этди. Сайдакбар Сайдалиев, Абдумалик Абдисалимов ва Ҳумоюн Бегмуратов эса ўз рақиблари билан тинчлик келишувига эришишди.