Ҳудудий бўлим раҳбарлари билан кенгайтирилган учрашув бўлиб ўтди
Бухоро шаҳрида давом этаётган катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати доирасида Федерациясининг ҳудудий бўлим раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Осиё дзюдо иттифоқи вице-президенти, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Комилов бошчилик қилган йиғилишда ҳудудий бўлим раҳбарлари, Бухоро вилояти спорт бошқармаси мутасаддилари, Бухоро вилоятида фаолият олиб бораётган тренер ва мутахассислар иштирок этди.
Учрашувда якунга етиб бораётган 2025 йилда амалга оширилган ишлар, ҳудудларда дзюдо спорт турига жалб қилинган спортчилар контингенти, мусобақалардаги натижалари, маҳаллий ва ҳудудий мусобақаларни ташкил этиш, спортчиларни саралаш ва миллий терма жамоага жалб этиш, тренерлар ва ҳакамларни тайёрлаш, допингга қарши кураш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар каби бир нечта долзарб масалалар кўриб чиқилди. Шунингдек, 2026 йилда ҳудудларда амалга ошириш режалаштирилган вазифалар муҳокама қилинди.
Йиғилиш сўнгида Ўзбекистон дзюдо федерацияси томонидан ишларини намунавий ташкил этаётган ҳудудларга миннатдорлик рамзи сифатида ташаккурномалар топширилди.