Талабалар спорти тизимини ривожлантиришга бағишланган конференция ўтказилди
Бугун, Талаба ва ўқувчиларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш марказида Ўзбекистон талабалар спорти ассоциациясининг навбатдан ташқари конференция йиғилиши бўлиб ўтди.
Конференция кун тартибида Ассоциациянинг янги таҳрирдаги Уставини тасдиқлаш, Бош котибни сайлаш ҳамда Ассоциациянинг халқаро спорт ташкилотларига аъзолиги масалалари кўриб чиқилди.
Йиғилиш давомида олий таълим муассасаларида ташкил этилган спорт клублари фаолиятини янада такомиллаштириш, спорт клуби раис ўринбосарларининг касбий ва амалий кўникмаларини ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди, шунингдек талабалар спортини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегиялар белгиланиб олинди.
Хусусан, бундан буён Ассоциация олий таълим муассасалари спорт клубларини Бутунжаҳон университетлари спорти федерацияси (FISU) стандартларига мослаштириш, спорт клубларида FISU дастурларини жорий этиш ҳамда улар орқали университетларнинг халқаро миқёсдаги бренди, имижи ва рейтинги оширишни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйди.
Конференция якунланганда умумий овоз бериш натижаларига кўра Музаффар Пазилов Ўзбекистон талабалар спорти ассоциацияси Бош котиби этиб сайланди.