Отабек Умаров ФИА Сенати йиғилишида қатнашди
Халқаро автомобиль федерациясининг (FIA) штаб-квартираси жойлашган Париж шаҳрида ташкилот Сенатининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон МОҚ раиси биринчи ўринбосари Отабек Умаров биринчи бор Сенат аъзоси сифатида иштирок этди.
Қайд этиш жоиз, Отабек Муҳаммадалиевич мана шундай муҳим бошқарув органининг тадбирида Марказий Осиё минтақасидан қатнашган дастлабки вакил бўлди.
FIA Президенти Муҳаммад Бен Сулайем раҳбарлигида ўтган тадбирда жаҳон автоспорти ва мобиллик йўналишларига оид истиқболли режалар, йирик лойиҳалар кўриб чиқилди. Қолаверса, ташкилотнинг узоқ муддатли стратегиясига оид таклифлар тингланди.
Йиғилиш якунида ташкилотнинг халқаро майдондаги ўрнини янада мустаҳкамлашга оид вазифалар белгиланиб олинди.
Маълумот учун, FIA Сенати ташкилот Бош Ассамблеясига стратегик тавсиялар киритувчи асосий бошқарув органларидан бири бўлиб, унинг фаолиятида шаффофлик, ҳисобдорлик ва молиявий барқарорликни таъминлашда муҳим ўрин тутади.