От спорти. Сюзана Эпаяр WBFSH талқинига кўра йилнинг энг яхши спорт отларини етиштирувчи мутахассис деб топилди
Жорий мавсум якунларига кўра Сюзана Эпаяр Гарсия Сереседа WBFSH (World Breeding Federation for Sport Horses) томонидан от спортининг тўсиқлардан сакраш (конкур) йўналишида йилнинг энг яхши спорт отларини етиштирувчи мутахассис унвонига сазовор бўлди. Ушбу мукофот Сюзана учун халқаро миқёсда иккинчи бор топширилмоқда.
Мукофотлашга асос бўлган асосий омил — Donatello d’Auge отининг юқори спорт натижалари бўлди. Тантанали маросимда мукофотни Selle Français studbuki бошқарув кенгаши аъзоси Арман Петте топширди. Маросимда Сюзанани эри, таниқли чавандоз Жюльен Эпаяр, шунингдек Donatello d’Auge ҳам қўллаб-қувватлади.
13 ёшли мерин Donatello d’Auge Франциянинг Нормандия ҳудудида жойлашган Haras de La Bosquetterie от спорт клубида етиштирилган. 2025 йил ушбу от фаолиятида алоҳида ўрин тутди: у олти ой давомида дунёнинг энг кучли тўсиқлардан сакраш йўналишидаги отлари рейтингда етакчи бўлиб келди, от спортининг тўсиқлардан сакраш йўналиши (конкур) бўйича Жаҳон кубоги финалида ғалаба қозонди ҳамда бир қатор нуфузли халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришди.
Donatello’нинг барқарор муваффақиятларида Сюзана Эпаяр ва чавандоз Жюльен Эпаяр ўртасидаги самарали ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этди. Жюльеннинг от соғлиги ва ҳолатига йўналтирилган профессионал ёндашуви Donatello’нинг ҳар мавсумда юқори спорт формасини сақлаб қолишига хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда Сюзананинг конезаводчилик фаолияти янги истиқболли спорт отлари билан ҳам давом этмоқда. Улар орасида Donatello’нинг тўлиқ укаси, шунингдек 140 см баландликдаги тўсиқларда муваффақиятли иштирок этаётган синглиси ҳам бор.