Ортда қолаётган йил сарҳисоби ҳамда янги мавсум режалари кўриб чиқилди
Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов бошчилигида ўтказилган йиғилишда якуннига етиб бораётган 2025 йилги дзюдо мавсуми сарҳисоби ҳамда тез орада бошланадиган янги 2026 йил режалари атрофлича муҳокама қилинди.
Йиғилишда таъкидланганидек, мусобақалардаги юклама, турнирлар географиясининг кенглиги билан ажралиб турган якунланаётган мавсум ўзбек дзюдосининг ривожланишида муҳим босқич бўлди.
Халқаро ва мамлакат миқёсида мусобақаларга бой бўлган йилда ўсмирлар, ёшлар ҳамда асосий терма жамоамиз жаҳон ва Осиё чемпионатлари, комплекс мусобақалар, "Катта Дубулға", Гран-При турнирларида муваффақиятли тарзда иштирок этди. Дзюдочиларимиз шарафига бир неча бор давлатимиз мадҳияси янграб, байроғимиз кўтарилди.
Йиғилишда барча йўналишларда амалга оширилган ишлар муҳокама марказида бўлди. Федерация раиси ютуқлар билан бирга йўл қўйилган камчиликлар ҳақида ҳам тўхталиб, уларни бартараф этиш чора-тадбирларини кўриш лозимлигини айтди.