Қиличбозлик. Саблячилар ўқув йиғини якунланди
Тошкент шаҳрида қиличбозлик бўйича ёшлар ҳамда катталар ёш тоифасидаги Ўзбекистон Миллий терма жамоасининг навбатдаги ўқув-йиғин машғулотлари муваффақиятли якунланди.
Машғулотларни миллий терма жамоанинг етакчи ва тажрибали мураббийлари олиб борди. Улар сафида Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси таклифига биноан миллий терма жамоада фаолият бошлаган хорижлик мураббий Зоран Тулум ҳам иштирок этди. У ўзининг бой билимлари, етук тажрибаси ва юқори маҳоратни ёш қиличбозларга ўргатмоқда.
Мазкур ўқув-йиғин 2026 йил 17–28 февраль кунлари Индонезиянинг Жакарта шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё чемпионати мусобақасига пухта тайёргарлик кўриш вазифасини ўташи билан ҳам аҳамиятлидир.
Йиғин давомида спортчиларнинг жисмоний ва техник тайёргарлиги янада мустаҳкамланди, жанговор руҳ ва ғалабага бўлган ишонч кучайди.
Олдинда масъулиятли старт — Осиё чемпионати.
Миллий терма жамоамизга ёрқин ғалабалар ва зафарлар тилаймиз!