Хоразм — иккинчи турда 100 фоизлик натижа қайд этган ягона жамоа
Футзал бўйича мамлакат XXX миллий чемпионати — Олий лиганинг 2-тур учрашувлари жамоалар ўртасидаги кучлар нисбати тобора тенглашиб бораётганини яна бир бор намойиш этди. Тур доирасида ўтказилган 18 та учрашувнинг деярли барчасида кескин кураш ва кутилмаган натижалар кузатилди.
Иккинчи турда дарвозалар 115 бор ишғол қилинди. Бу кўрсаткич биринчи турдаги натижадан битта голга кўп. Биринчи турда бўлгани каби, 2-турда ҳам учта учрашув дуранг билан якунланди.
Турни мамлакатимизнинг илк чемпионлари — “Рўзмат Мадаминов” издошлари “Хоразм” жамоаси ниҳоятда муваффақиятли ўтказди. “Ардус” ҳамда ОКМК жамоалари билан чемпионликни қўлга киритган тажрибали мутахассис Александр Петров Урганч жамоасига ҳам ғолиблик руҳини сингдираётганини натижалар яққол кўрсатмоқда.
Урганчликлар 2-турдаги барча учрашувларда ғалаба қозониб, 9 очко жамғаришди. Шу тариқа “Хоразм” тур давомида 100 фоизлик натижа қайд этган ягона жамоага айланди ва турнир жадвалида юқори поғоналардан бирини эгаллаб турибди.
Иккинчи турда мухлислар қатор кескин ва муросасиз учрашувларнинг гувоҳи бўлишди. Аксарият баҳсларда жамоалардан бири атиги бир тўп фарқи билан ғалаба қозонгани, учрашувлардаги интрига эса сўнгги сонияларгача сақланиб қолгани бунга яққол мисолдир.
Турнинг марказий учрашуви амалдаги чемпион BMB PFC ҳамда 2026-йилги мавсумнинг илк соврини — Ўзбекистон Суперкубоги соҳиби бўлган SQB PFC ўртасида кечди. Мазкур баҳсда жиззахликлар 5:2 ҳисобида ғалаба қозониб, Суперкубокдаги мағлубият учун реванш олишди.
Иккинчи тур якунларига кўра чемпионатда очкосиз жамоа қолмади. Лига дебютанти “Зарафшон” илк очкосини воҳа дербисида “Самарқанд”га қарши учрашувда қўлга киритди. Биринчи турда мағлубиятга учрамаган “Нурафшон” ва “Олмалиқ” эса 2-турда дастлабки мағлубиятларини қабул қилиб олишди.