Формула-1 юлдузи Шарл Леклер уйланди
Формула-1 юлдузи Шарл Леклер ва унинг турмуш ўртоғи Александра Сен-Млю шанба куни Монакода расмий никоҳдан ўтишди. Маросим тўлиқ махфий тарзда ўтказилди. Тўй «Mairie de Monaco» биносида, яқин дўстлар ва оила аъзолари иштирокида бўлиб ўтди.
Жуфтликнинг хоҳишига кўра, никоҳ ҳақидаги хабар душанба кунига қадар сир сақланди. Кейинчалик Леклер Instagram саҳифасида видео ва фотосуратларни улашди. Александра эса ижтимоий тармоқлардаги фамилиясига «Alexandra Malena Leclerc»ни қўшиб, никоҳни билвосита тасдиқлади.
Леклер мухлисларга бу ҳали байрамнинг бошланиши эканини айтди: «Бу фақат 1-қисм, 2-қисми келаси йил яқинларимиз билан бўлади», — деб ёзди.
Жуфтликнинг Монако кўчаларида нойоб Ferrari 250 Testa Rossa автомобилида сайр қилган тасвирлари омманинг эътиборини тортди. Таъкидланишича, ушбу нойоб автомобил 10 млн доллар атрофида туради.
Бироқ асал ойи узоқ давом этмаслиги мумкин. Сабаби 2026-йилги Формула-1 мавсумининг илк босқичи бир неча кундан сўнг Мельбурнда старт олади. Бу эса Леклер тез орада тўй тантаналарини эсдан чиқариб, мусобақага тайёргарлик кўриши кераклигини англатади.