Эрали Тошкентда OCTAGON 72 турнирида тожик блогерига қарши жанг қилади
11 май куни Тошкентда OCTAGON 72 турнири бўлиб ўтади. Ушбу тадбирда профессионал жангчилар билан бирга медиа соҳасида танилган шахслар ҳам октагонга кўтарилади. Турнирнинг энг кутилган жангларидан бири ўзбекистонлик блогер Эрали Бойқобилов ҳамда тожик блогери Бобоҷони Холмурод (Родной тахаллуси билан танилган) ўртасида бўлади.
Мазкур жанг кўргазмали тусга эга бўлиб, ММА қоидалари асосида ўтказилади: уч раунд, ҳар бири уч дақиқадан. Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, бу жанг томошабинлар орасида катта қизиқиш уйғотган ва турнирнинг энг ёрқин воқеаларидан бири бўлиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Эрали бундан аввал ҳам шунга ўхшаш жангларда қатнашган — ўтган йили у Дубайдаги Social Knockout 3 турнирида блогер Абдурозиққа қарши рингга чиққан эди. Бокс қоидаларидаги ушбу тўрт раундлик жангда Эрали устунликни қўлга киритгандай туюлса-да, ҳакамлар дуранг қарорини чиқаришган ва бу ижтимоий тармоқларда катта муҳокамаларга сабаб бўлган эди.