Чемпионнинг муддатидан олдин аниқланиши эҳтимоли юқори… Жиззахдаги турда сермаҳсуллик сезиларли даражада ошди
Мамлакат XXIX миллий чемпионати — Олий лига футзал мусобақасининг 9-тур учрашувлари ҳам қизиқарли ва муросасиз курашларга бой бўлди. Амалдаги чемпион турни юз фоизлик натижа билан якунлаб, энг яқин таъқибчилари билан фарқни янада ошириб олди.
Жиззахликлар ушбу ўйин суръати ҳамда баҳсларга тайёргарлик жараёнини сусайтирмасалар, катта эҳтимол билан муддатидан аввал ўз унвонларини ҳимоя этишлари кутилмоқда.
BMB PFC ни таъқиб этиб келаётган SQB кутилмагандек Самарқанднинг “Динамо” жамоасига қарши ўйинда очко йўқотди. Бундан эса ўтган мавсум вице-чемпиони “Oil Star” унумли фойдаланди ва иккинчи ўринга кўтарилиб олди.
Медаллар учун курашиш имконияти Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрининг ОКМК жамоасида ҳам сақланиб қолмоқда. Қаршининг “Насаф” жамоаси эса бу курашдан чиққандек кўринади. Айнан банкчиларга имкониятни бой берган “аждарлар” эндиликда ОКМК дан етти очкога ортда қолмоқда.
Бу турда сермаҳсуллик Андижондаги турга нисбатан сезиларли равишда ошди. Жиззахлик футзал ишқибозлари тўрт кун мобайнида бири-биридан чиройли голларнинг шоҳиди бўлишди. 9-турда жамоалар 10 та учрашувда дарвозаларга 72 та гол киритишди. Ўртача ҳар битта ўйинга 7,2 тадан гол тўғри келди.
Тур доирасида амалдаги чемпион — BMB PFC, вице-чемпион – “Oil Star” ҳамда Фарғонанинг “Нефтчи” жамоалари юз фоизлик натижа кўрсатишди. Шу ўрнида, фарғоналикларга битта ўйинда техник ғалаба ёзилганини ҳам эслаб ўтамиз.
9-турни юз фоизлик натижа қайд этган учликдан ташқари, Тошкентнинг SQB жамоаси ҳам мағлубиятсиз ўтказди. Фақат банкчилар битта ўйинда ғалаба қозониб, битта баҳсда дуранг қайд этишди.
Ўтган турдан кейин мамлакат миллий чемпионатидан четлатилган “Сурхон” жамоасига бу турда ҳам иккита техник мағлубият ёзилди.
9-турда бир йўла тўртта жамоа фақатгина биттадан очко билан кифояланди: ОКМК, “Динамо”, “Бунёдкор”, “Максам-Чирчиқ”.
Турнинг энг сермаҳсул жамоаси BMB PFC бўлди – 17 та гол. Кейинги кўрсаткич “Oil Star”га тегишли – 10 та гол;
Турда энг кўп гол ўтказиб юборган жамоа “Локомотив” бўлди – 13 та гол. Кейинги натижа ОКМК га тўғри келди – 10 та гол;
Турда энг кам гол ўтказган жамоалар SQB ва “Насаф” бўлди – 4 тадан гол. BMB PFC ва “Oil Star” ўз дарвозасидан 5 мартадан тўп олиб чиқди;
Турда энг кам гол урган жамоалар “Қизилқум” (1 та ўйинда 2 та гол) ҳамда “Динамо” (2 та ўйинда 2 та гол) бўлди;
Энг йирик ҳисоб BMB PFC – “Локомотив” учрашувида қайд этилди – 10:3. “Насаф” эса “Динамо” жамоаси дарвозасига жавобсиз олтита гол урди – 6:0;
Энг сермаҳсул ўйин: BMB PFC – “Локомотив” (10:3) учрашуви бўлди. Дарвозаларга 13 та гол киритилди;
Энг кам гол урилган ўйин: SQB – “Динамо” – 2:2;