locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Артур Таймазовнинг ҳаёт йўлидан қизиқарли ва кам маълум бўлган фактлар

Артур томонидан 15 килограмм вазн ташлаш билан боғлиқ машҳур воқеани яна бир бор батафсил баён этиб ўтирмаймиз. Бу ҳақда алоҳида катта мақола мавжуд.
Бошқа спорт турлари
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Артур Таймазовнинг ҳаёт йўлидан қизиқарли ва кам маълум бўлган фактлар
photo: Kurash Uzbekistan

Артур Таймазовнинг таржимаи ҳолида кўпчилик билмаган, аммо унинг шахс сифатида шаклланишида муҳим ўрин тутган жиҳатлар жуда кўп. Қуйида ана шундай муҳим ва қизиқарли фактлар билан танишинг.

— Артур ўн ёшида отасидан айрилган. Орадан кўп ўтмай Совет Иттифоқи парчаланиб, оиланинг банкдаги барча жамғармалари йўқ бўлиб кетган. Дастлабки йиллар ниҳоятда оғир кечган: онаси тўрт нафар ўғлини боқиш учун тинимсиз меҳнат қилган.

— Артур катта ютуқларга эришишидан аввал унинг акаси Тимур Таймазов 1996 йилда Олимпия чемпиони, шунингдек, оғир атлетика бўйича икки карра жаҳон чемпиони бўлишга улгурган эди. Спорт фаолиятини якунлагач, Тимур укасининг тарбияси билан жиддий шуғулланди. Энг катта ака Алан билан биргаликда улар машғулот жараёнини мураббийларга ишониб топширишди, бироқ Артурга нисбатан қатъий, спарталик интизом жорий этиб, унинг сўзсиз бажарилишини назорат қилишди.

— Кўпчилик Казбек Дедегкаевни Таймазовнинг асосий мураббийи сифатида билади. Аммо Артур спорт фаолиятини дастлаб кам танилган мураббий Ҳасан Апоев қўл остида бошлаганини ҳамма ҳам билавермайди. 1997 йили Арсен Фадзаев ташаббуси билан “Аланий” кураш клуби ташкил этилгач, Апоев Таймазовни ихтиёрий равишда Дедегкаевга топширган.

— Артур томонидан 15 килограмм вазн ташлаш билан боғлиқ машҳур воқеани яна бир бор батафсил баён этиб ўтирмаймиз. Бу ҳақда алоҳида катта мақола мавжуд.

— Вазн ташлаб, ярим оғир вазнда Россия чемпионатида иштирок этишга қарор қилган Таймазов Курамагомедовга (жаҳон чемпиони, беш карра Европа чемпиони) ютқазади. Бу мағлубият Сиднейдаги Олимпия ўйинлари орзусининг барбод бўлиши дегани эди. Бироқ сўнгги лаҳзада Ўзбекистонда катта обрўга эга бўлган Арсен Фадзаев ёрдамида Артур Ўзбекистон терма жамоаси сафига қўшилади. Натижада у Осиё чемпиони бўлиб, Олимпия лицензиясини қўлга киритади ва Сидней Олимпиадасида қатнашади.

— 2000 йилги Олимпия ўйинларида Артур кумуш медални қўлга киритиб, финалда Давид Мусулбесга имкониятни бой беради. Муҳим жиҳат шундаки, Олимпиададан бир неча ой олдин Таймазов Ярыгин турнири финалида айнан Мусулбесни мағлуб этган ва энг яхши техника учун махсус мукофотга сазовор бўлган. Шунингдек, финалга борадиган йўлда қуръа ҳам муҳим роль ўйнаган: 28 ёшли Мусулбес икки беллашув ўтказган бўлса, 21 ёшли Таймазов тўрт бор гиламга чиққан.

— 2001 йилда Нью-Йоркда ўтказилиши режалаштирилган жаҳон чемпионатида Артур дастлаб иштирок этишни режалаштирмаган (фуқаролик масалалари сабаб). Аммо турнир арафасида машҳур террорчилик ҳодисаси юз бериб, мусобақа уч ойга кечиктирилади. Шу вақт ичида Таймазов ҳужжатларини тартибга келтириб, мусобақада қатнашади ва кумуш медални қўлга киритади.

— Артур фаолияти давомида шахсий кундалик юритган. Унда машғулот жараёнининг энг майда тафсилотларигача қайд этилган. Интизом унинг тайёргарлиғидаги асосий омил бўлган. Масалан, муҳим турнирдан олти ой олдин у туғилган кунлар, тўйлар, ҳатто дафн маросимларида ҳам қатнашмаган. У бутунлай ўз мақсадига яшаган.

— 2000 йилдан 2012 йилгача Таймазов ниҳоятда оғир машғулот режимида ишлаган: кундузги пайтда кураш машғулоти, кечқурун эса оғир атлетика билан шуғулланган. Фақат 2012 йилда ёш ўтиши билан организм бундай юкламаларга дош беролмай қолган. Шунингдек у икки машғулотни бирлаштириб, тушликдан олдин темир билан ишлаган, сўнг тўлиқ кураш машғулотини бажарган. Кечқурун эса дам олишга вақт ажратган.

— 2009 йилда Артур соғлиғи билан боғлиқ муаммоларга дуч келади. Машғулотлар пайтида қондаги шакар миқдори тушиб кетган. Жиддий касалликдан шубҳа қилиниб, у тўлиқ тиббий кўрикдан ўтади ва барча мусобақаларни ўтказиб юборади. Муаммо сабаби аниқланади — ҳаддан ташқари юкламалар соғлиққа жиддий зарар етказган. Шундан сўнг Таймазов машғулотларга асал ва лимон шарбати қўшилган учта шиша сув олиб келишни одат қилади. Бу усул самара берган.

Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг