7-январ — Абу-Дабида CSI 5 халқаро мусобақалари олдида вет-чек ўтказилди
7-январ куни Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида от спорти бўйича CSI 5★ тоифасидаги нуфузли халқаро мусобақа олдида спорт отларининг мажбурий ветеринария кўриги (вет-чек) бўлиб ўтди.
Ветеринария кўриги давомида отларнинг соғлиги, умумий жисмоний ҳолати, ҳаракат фаоллиги ҳамда юқори даражадаги мусобақаларга тайёргарлиги халқаро талаблар асосида мутахассислар томонидан баҳоланади.
Қувонарлиси, Ўзбекистон терма жамоаси таркибидаги спорт отлари отлар кўригидан муваффақиятли ўтиб, мусобақаларда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
CSI 5★ халқаро мусобақа жуда нуфузли бўлиб, маршрути Олимпия ўйинларида қўйиладиган маршрут ҳисобланади, мусобақа 8, 9, 10 ва 11-январ кунлари Абу-Дабида бўлиб ўтади. Ушбу турнирлар от спортдаги энг юқори даражани ифодалайди ва дунёнинг етакчи чавандозлари ҳамда спорт отларини бир майдонга жамлайди.
Мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари:
Баҳромжон Ғозиев
Абдуллаев Феруз
Қурбонов Бекзод
Абдуллаев Абдураҳмон
Шарипов Акбар иштирок этади.
Эндиликда чавандозларимиз ва спорт отларимизни олдинда масъулиятли ва муросасиз беллашувлар кутмоқда. Ўзбекистон терма жамоасига, чавандозларимизга ва спорт отларимизни мусобақаларда омад, ёрқин чиқишлар ва юқори натижалар тилаймиз!