Айчи-Нагоя-2026: енгил атлетика ва чим устида хоккей федерацияларининг тайёргарлиги кўриб чиқилди
Спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов ҳамда MOQ раиси ўринбосари Шерзод Тошматов бугун Айчи-Нагоя-2026 ёзги Осиё ўйинларига тайёргарлик кўраётган енгил атлетика ва чим устида хоккей бўйича терма жамоаларимизнинг режалари билан танишди.
Маълумки, енгил атлетика комплекс мусобақаларда энг кўп медаллар жамланмаси ўйналадиган спорт тури ҳисобланади. Бироқ суҳбат давомида терма жамоамиз ушбу имкониятдан унумли фойдалана олмаётгани таъкидлаб ўтилди. Муттахассислар бўлажак ўйинларда қатнашиши кутилган спортчиларимиз, уларнинг имкониятлари, жорий мавсум қайд этиб бораётган кўрсаткичлари ва асосий рақиблари ҳақидаги маълумотларни тақдим этишди.
Чим устида хоккей бўйича Ўзбекистон эркаклар ва аёллар терма жамоаларида Осиё ўйинларида иштирок этиш имконияти мавжуд. Учрашувда терма жамоага жалб этилиши кутилган спортчилар, жамоа имкониятлари атрофлича таҳлил қилинди. Қолаверса, терма жамоалар учун маҳаллий ва халқаро ўқув-машғулот йиғинларини самарали ташкил қилиш бўйича керакли тавсиялар бериб ўтилди.