ЖЧ-2026: Португалия Конго билан дуранг ўйнади, Роналду 90 дақиқа ҳаракат қилди
Футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионати «К» гуруҳи 1-тури доирасида Португалия ва ДР Конго терма жамоалари ўртасидаги учрашув якунланди. АҚШнинг Ҳюстон шаҳридаги «NRG Stadium» аренасида бўлиб ўтган баҳсда жамоалар 1:1 ҳисобидаги дуранг натижани қайд этишди. Учрашувни қатарлик ҳакам Абдурахмон Ал-Жассим бошқариб борди.
Ўйиннинг 6-дақиқасидаёқ португалияликлар яримҳимоячиси Жоау Невеш чап қанотдан узатилган тўпни боши билан рақиб дарвозасига жойлаб, ҳисобни очди. Биринчи бўлимга қўшиб берилган вақтнинг сўнгги сонияларида (45+5-дақиқа) ДР Конго терма жамоаси ҳужумчиси Йоан Висса жарима майдончаси ичига етказиб берилган узатмани голга айлантириб, мувозанатни тиклади. Португалия терма жамоаси сардори Криштиану Роналду майдонда тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди, бироқ гол уришга муваффақ бўлмади.
«К» гуруҳининг 2-турида Португалия миллий терма жамоаси Ўзбекистонга қарши (23-июн куни) майдонга тушса, 3-турда Колумбия (28-июн) билан куч синашади. ДР Конго жамоаси эса 2-турда Колумбия (24-июн), якуний турда эса Ўзбекистон терма жамоаси (28-июн) билан тўқнаш келади. Эслатиб ўтамиз, амалдаги жаҳон чемпиони Аргентина терма жамоаси ҳисобланади.