Ўзбекистоннинг ЖЧдаги ўйинлари 220 та мактабда намойиш этилади
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатидаги ўйинларини республикадаги 220 та мактабда томоша қилиш учун катта экранлар ўрнатилади. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Манбага кўра, лойиҳа доирасида мамлакатнинг 208 та туман ва шаҳарларидаги умумтаълим мактабларида махсус томоша ҳудудлари ташкил этилади. Ушбу мактабларда ўқувчилар, ота-оналар ва барча футбол ишқибозлари Ўзбекистон терма жамоасининг жаҳон чемпионатидаги ўйинларини катта экранлар орқали жонли эфирда томоша қилиш имкониятига эга бўлади.
Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, “Мухлислар майдони” ҳудудлари футбол учрашувларини қулай шароитларда кузатиш учун зарур техник воситалар билан жиҳозланади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионати гуруҳ босқичида қуйидаги учрашувларни ўтказади (Тошкент вақти билан):
- Ўзбекистон – Колумбия (18 июн, соат 07:00);
- Ўзбекистон – Португалия (23 июн, соат 22:00);
- Ўзбекистон – Конго (28 июн, соат 04:30).