Ўзбекистон ва Муғулистон спортда ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистон ва Муғулистон расмийлари ўртасида жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантиришдаги ўзаро ҳамкорлик мавзусида учрашув бўлиб ўтди. Унда Муғулистон Президенти маслаҳатчиси Шархуу Амарсайхан бошчилигидаги делегация ҳамда Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги ва МОҚ раҳбарияти қатнашди.
Томонлар жисмоний тарбия ва спорт, Олимпия ҳаракати йўналишларида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашиш ҳамда қўшма лойиҳаларни кўриб чиқиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, учрашув давомида келаси ой Тошкентда ўтадиган бокс бўйича ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатига тайёрланаётган Ўзбекистон ва Муғулистон терма жамоалари иштирокида қўшма ўқув-машғулот йиғинлари ҳақида ҳам сўз борди.
Якунда томонлар мавжуд алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва уни янги босқичга олиб чиқиш борасида фикр алмашдилар.