Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Осиё кубоги чорак финалига йўл олди
Австралияда ўтказилаётган аёллар ўртасидаги Осиё кубогининг гуруҳ босқичи учрашувлари якунланиб бормоқда. Турнирда иштирок этаётган Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоаси чорак финал йўлланмасини қўлга киритди.
“Б” гуруҳидан жой олган вакилаларимиз КХДР, Хитой ва Бангладеш терма жамоаларига қарши майдонга тушиб, гуруҳни учинчи ўрин билан якунлади.
Турнир регламентига мувофиқ, гуруҳларда биринчи ва иккинчи ўринни қўлга киритган жамоалар, шунингдек, учинчи ўриндаги жамоалар орасидан энг яхши кўрсаткичга эга жамоалар чорак финал босқичига йўл олади.
Ушбу рейтингда Ўзбекистон аёллар терма жамоаси 3 очко билан иккинчи ўринни эгаллади. Филиппин терма жамоаси ҳам 3 очко тўплаган бўлса-да, киритилган тўплар фарқига кўра вакилларимиз устунликка эришиб, чорак финалга чиқиш имкониятини қўлга киритишди.
Ўзбекистон терма жамоасининг чорак финалдаги рақиби бошқа гуруҳлардаги ўйинлар натижасига қараб аниқланади. Жамоамиз:
а) 14-март куни “А” гуруҳи ғолиби — Корея Республикасига қарши майдонга тушиши мумкин;
б) ёки 15-март куни “С” гуруҳи ғолиби билан баҳс олиб боради.
Чорак финал босқичи турнирнинг ҳал қилувчи паллаларидан бири ҳисобланади. Чунки Осиё кубогида энг яхши олти жамоа 2027-йилги аёллар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритади.
Агар Ўзбекистон терма жамоаси чорак финалда ғалаба қозонса, мундиалга тўғридан-тўғри йўл олади. Ушбу босқичда имкониятни бой берган жамоалар 19-март куни ўтиш ўйинларида иштирок этиб, қолган йўлланмалар учун курашни давом эттиради.