Зайниддин Тожиев: Дуранг ўйнаймиз, майдонда ётиб оламиз, деган нарса йўқ
«Ғазалкент» жамоаси Про лиганинг 10-турида ўзига хос сенсация қайд этди. Ғузорда мусобақа етакчиларидан бири саналган «Шўртан» меҳмони бўлди. Зайниддин Тожиев бошчилигидаги «Ғазалкент» бир футболчи кам бўлган ҳолда мезбонлар дарвозасига ўйин охирларида иккита гол уришга муваффақ бўлишди ва сафардан ўта қимматли уч очкони қўлга киритишди.
Меҳмонлар бош мураббийи Зайниддин Тожиев ўйиндан кейинги матбуот анжуманида табиийки, кўтаринки кайфиятда ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
- Ўйинга келадиган бўлсак, бугун жуда қийин учрашув бўлиши кутилган ҳолат эди. Чунки хоҳлайсизми-йўқми, «Шўртан» жамоаси ўз олдига юқори мақсадларни қўйган. Етакчи жамоага ва яна меҳмонда тўп суриш оғирлигини билардик. Футболчиларга шу нарсаларни сингдирдик. Худога шукр, йигитлар қўйилган вазифаларни ҳаммасини бажаришди. Бундан ташқари, бор куч ва имкониятларини ҳам ишга солишди. Иккинчи бўлимда футболчимиз майдондан четлатилди. Шунинг ҳисобига ҳам биринчи навбатда шогирдларимга раҳмат айтмоқчиман. Масъулиятни ҳис қилишди ва ўйинда бор кучи билан ҳаракат қилишди. «Шўртан» жамоасига кейинги ўйинларда омад тилайман.
- Ўз вақтида чемпионатимизда ўйнаган тажрибали футболчи бўлгансиз. Бугун шогирдларингиз майдонда бир ўйинчи кам бўлиб қолгач, уларга бор тажрибангиздан келиб чиқиб кўрсатмалар бердингиз...
- Бу алоҳида мавзу. Йигитларга ўйиндан олдин кўрсатма бераётганда доим таъкидлаймиз: ютамизми, ютқазамизми, ҳар қандай ҳолатда ҳам аввал мувозанатни йўқотмаслик керак. Масъулиятни ҳис қилган ҳолда шогирдларим бугун шунчака ўйин кўрсатишди. Бу фақатгина масъулиятни ҳис қилгани учун. Майдонда 10 киши 11 ўйинчига қарши бўлиб қолганда ҳам футболчилар борини беришди. Шу боис йигитларга раҳмат айтаман.
- Жамоангиз олдига қандай мақсад қўйилган?
- Бизда мақсад: болаларни тарбиялаш, катта футболга иқтидорли ўйинчиларни етказиб бериш. Четга ҳам футболчи чиқариш мақсадимиз. Фақат ривожланиш бўйича ишлаш. Янги иқтидорлиларни жалб қилиб, катта жамоаларга жўнатиш вазифамиз.
- Ўйиндан олдин айнан шундай натижа кутганмидингиз?
- Барибир жамоани фақат ғалаба учун тайёрлайсиз-да. Дуранг ўйнаймиз, майдонда ётиб оламиз, деган нарса йўқ. Ўйинчиларни катта футболга тайёрлаяпмизми, доим юқори мақсад қўйилади. Ҳар бир учрашувдан олдин фақат ютуш вазифамиз. Ғалаба қозонамизми-йўқми, ўйиндан кейин биламиз. Учрашувда йигитларни хатолари ва камчиликларини ўйиндан кейин таҳлил қиламиз ҳамда бунинг устида машғулотларда ишлаб, кейинги ўйинларда хатолар қилмасликка ҳаракат қиламиз», — дея Тожиевнинг сўзларидан келтиради Tribuna.uz мухбири.