Ян Диоманд «ПСЖ»га ўтишни устувор вариант сифатида танлади
«РБ Лейпциг» ҳамда Кот-д’Ивуар терма жамоаси вингери Ян Диоманд ёзги трансфер ойнасида немис клубини тарк этадиган бўлса, фаолиятини «ПСЖ»да давом эттиришни истамоқда.
The Athletic хабарига кўра, 19 ёшли футболчи Париж клубининг спорт лойиҳасига жиддий қизиқиш билдирмоқда. Диоманд «ПСЖ» раҳбарияти олиб бораётган йўналишга, хусусан, клуб президенти Носир Ал-Хелайфи ва футбол бўйича маслаҳатчи Луиш Кампуш шакллантираётган режага ишонч билдирган.
Шунингдек, ёш вингер Франция чемпионлари сафида Луис Энрике қўл остида ишлашни ўз ривожи учун муҳим имконият деб ҳисобламоқда. Футболчи «ПСЖ»ни наfaқат совринлар учун мунтазам курашадиган клуб, балки келажакда шахсий ютуқлар сари йўл очиб бериши мумкин бўлган жамоа сифатида кўрмоқда.
Манбага кўра, Диоманд Париж клубига ўтишни фаолиятидаги навбатдаги катта қадам сифатида баҳоламоқда. У «ПСЖ» таркибида юқори савиядаги мусобақаларда қатнашиш, совринлар учун курашиш ва келажакда «Олтин тўп» учун даъвогарлик қилиш имкониятини кўрмоқда.
Аввалроқ Англиянинг «Ливерпуль» клуби ҳам футболчини ўз сафига қўшиб олишга уриниб кўргани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бироқ ҳозирги ҳолатда Диоманднинг шахсий танлови «ПСЖ» фойдасига экани таъкидланмоқда.
Агар трансфер амалга ошса, Ян Диоманд Париж клубининг ёш ва истиқболли футболчиларга таянилган янги лойиҳасида муҳим ўрин эгаллаши мумкин.