Украина миллий жамоаси бош мураббийи бўлиш учун асосий номзод эълон қилинди
Мирон Маркевич Украина терма жамоаси бош мураббийлиги учун асосий номзод сифатида кўрилмоқда. Бу ҳақда UA-Futbol нашри хабар бермоқда.
Манбанинг маълумотларига кўра, миллий терма жамоанинг янги устози борасидаги қарор яқин вақт ичида қабул қилиниши мумкин ва айнан 75 ёшли мутахассис ҳозирда устувор номзод бўлиб турибди.
Шу билан бирга, Украина футбол ассоциацияси раҳбари Андрей Шевченко Сергей Ребровнинг ўрнига ушбу танлов қанчалик тўғри эканлигига ҳозирча тўлиқ ишонч ҳосил қилмаган. Шунга қарамай, унинг атрофидагилар Маркевични айни дамдаги мавжуд номзодлар орасида энг мос келадигани деб ҳисобламоқда.
Аввалроқ, даъвогарлар рўйхатидан Андреа Мальдера ва Игор Йовичевич ҳам жой олгани ҳақида хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, 22 апрел куни Украина футбол ассоциацияси Ребровнинг бош мураббийлик лавозимидан кетишини эълон қилган эди.
Мирон Маркевич аввал ҳам, яъни 2010 йилда миллий терма жамоа билан ишлаган — ўшанда у жамоа бошқарувида тўртта ўйин ўтказган. Мутахассиснинг сўнгги иш жойи Львовнинг «Карпаты» клуби бўлиб, у ерда 2024 йилнинг июлигача фаолият юритган эди.