Тошкентда аёл ҳакамлар учун FIFA семинари бошланди
Ушбу семинарда 24 нафар аёл ҳакам – 8 нафар бош ҳакам, 11 нафар ёрдамчи ҳакам ва 5 нафар “Ҳакамлар академияси” тингловчилари иштирок этмоқда.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Ирматов аёл ҳакамларнинг футболдаги ўрни тобора кучайиб бораётганини таъкидлади. У ҳар бир ҳакам ўз устида доимий ишлаши, чет тилларини ўрганиши лозимлигини таъкидлади. Шунда улар замонавий ҳакам сифатида шаклланиши мумкинлигини қайд этди.
Шунингдек, семинарда иштирок этаётган ҳакамлар FIFA инструкторлари Родзали Якуб Муҳаммад, Али Трайфи ва россиялик тажрибали аёл ҳакам Анастасия Пустовойтова томонидан берилаётган тавсияларни диққат билан тинглаши, фаол қатнашиши ва саволлар орқали ўз малакасини ошириб бориши муҳимлиги айтилди. Равшан Ирматов барча иштирокчиларга семинар давомида омад тилади.
ЎФА техник директори Ги Киала семинар орқали ҳакамлар назарий билим ва амалий кўникмаларини ошириб, келгусида миллий ва халқаро майдонларда фаол иштирок этишларига ишонч билдирди.
Родзали Якуб Муҳаммад ва Анастасия Пустовойтова семинар қатнашчиларига муваффақият тилади. Шунингдек, иштирокчиларга ўз билим, тажриба ва кўникмалари асосида тавсиялар беришини таъкидлаб ўтди.
Семинар давомида ҳакамлар учун назарий ва амалий машғулотлар ташкил этилиши режалаштирилган. Шунингдек, FIFA инструкторлари Али Трайфи ва Анастасия Пустовойтова томонидан “Ҳакамлар академияси”да таҳсил олаётган ёш ҳакамларга ҳакамлик фаолиятининг асосий тамойиллари бўйича маърузалар ўқиб берилади.
Маълумот учун, семинар 30 июнга қадар давом этади.