Суперлига–2026 мавсумидан аввал Навбахор, Андижон ва Машъал жамоалари учун махсус семинар ўтказилди
Владислав Сейтлин ва Александр Попоповлар иштирокида 2026-йилги Суперлига мавсуми олдидан "Навбахор", "Андижон" ва "Машъал" жамоалари учун махсус семинар ташкил этилди.
Тадбир янги мавсумга пухта тайёргарлик кўриш, ўйин жараёнидаги янгиланган талабларга мослашиш ҳамда ҳакамлик қарорларидаги ўзгаришлар юзасидан батафсил тушунтириш бериш мақсадида ўтказилди.
Семинар давомида:
🔹 2026-йилги мавсумдан бошлаб кучга кирадиган янги қоидалар ва регламентдаги ўзгаришлар;
🔹 Ҳакамлар томонидан қабул қилиниши лозим бўлган қарорлар мезонлари;
🔹 VAR билан боғлиқ тартиб ва процедуралар;
🔹 Қўполлик, қўл билан ўйнаш, офсайд ва интизомий жазолар бўйича янгиланган талқинлар;
🔹 Техник ҳудуд маданияти ва мураббийлар штаби учун белгиланган талаблар бўйича батафсил тақдимот ва амалий мисоллар орқали тушунтиришлар берилди.
Инструкторлар ўйин давомида юзага келиши мумкин бўлган турли вазиятларни видеолавҳалар орқали таҳлил қилиб, футболчилар ва мураббийларга янги мавсумда ҳакамлар қандай мезон асосида қарор қабул қилиши аниқ мисоллар билан кўрсатиб берди.
Мазкур семинар янги мавсум олдидан клуб вакиллари билан очиқ мулоқот ўрнатиш, баҳсли вазиятлар сонини камайтириш ва ўйин сифатига ҳисса қўшишга хизмат қилади.
Суперлиганинг 2026-йилги мавсуми олдидан бундай тушунтириш ишлари барча жамоалар учун ташкил қилинади.