locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Суперлига. Март ойида томоша қилишингиз керак бўлган 5 та ўйин

Бу ҳақда ПФЛ матбуот хизмати хабар берди.
Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Суперлига. Март ойида томоша қилишингиз керак бўлган 5 та ўйин
Фото: UzPFL

Ўзбекистонда янги футбол мавсуми старт олди. Феврал ойининг сўнгги кунларида бир қатор муросасиз баҳсларга гувоҳ бўлдик. Март ойида ҳам бизни бир қатор қизиқарли ўйинлар кутиб турибди.

Бунёдкор — Динамо

Биринчи турда муҳим ғалабага эришган Бунёдкор жамоаси иккинчи турни ўз майдонида ўтказади. 6-март куни бўлиб ўтадиган ушбу баҳсда қалдирғочларга дастлабки турда мағлубиятга учраган Самарқанднинг Динамо жамоаси рақиблик қилади.

Ушбу жамоалар ўртасидаги ўтган йилги тўқнашувлар ҳам жуда қизиқарли ўтган. Бунёдкор мезбонлигида ўтган баҳсда Вадим Абрамов бошчилигидаги Динамо, Самарқандда ўтган баҳсда эса Ильёс Зейтуллаев бошқарувидаги қалдирғочлар ғалаба қозонган эди. Кўрамиз, жамоаларнинг бу галги тўқнашувида қайси жамоа зафар қучар экан.

Пахтакор — Навбаҳор

Мавсумни жуда яхши бошлаган Тошкентнинг Пахтакор ва Наманганнинг Навбаҳор клублари Суперлиганинг 3-тури доирасида ўзаро тўқнаш келади. Учрашув 10-март куни Пахтакор стадионида бўлиб ўтади.

Айни пайтда ҳар икки жамоани ҳам истиқболли мутахассислар Тимур Кападзе ва Камолиддин Тожиев бошқармоқда. Улар ўзларининг қисқа фаолиятлари давомида катта муваффақиятларга эришишни уддалашди. Кападзе терма жамоани Жаҳон чемпионатига олиб чиққан бўлса, Тожиев Пахтакор билан Ўзбекистон кубогини қўлга киритди. Ушбу мутахассислар ва улар бошқарувидаги жамоалардан бу йили ҳам кўпчилик ижобий натижалар кутмоқда. Бу ўйин эса жамоалар учун ҳам, мураббийлар учун ҳам жиддий синов бўлиши аниқ.

Нефтчи — Андижон

Суперлиганинг 3-тури доирасида мухлислар водий дербисига гувоҳ бўлишади. Мазкур баҳсда Самвел Бабаян бошчилигидаги Андижон клуби мусобақанинг амалдаги чемпиони Фарғонанинг Нефтчи клуби билан тўқнаш келади.

Мазкур қарама-қаршилик ҳар доим кескин ва муросасиз руҳда ўтиб келган. Водий жамоалари ўртасидаги беллашув нафақат уч очко, балки принципиал устунлик учун ҳам аҳамиятли ҳисобланади.

Ҳар икки жамоа учун мавсум омадли бошланди. Андижон ҳам, Нефтчи ҳам йирик ғалабага эришди. Шунингдекан, жамоаларда кайфият юқори. 3-тур доирасидаги ушбу учрашув Суперлига мухлисларига ёрқин ва эсда қоларли футбол тақдим этиши шубҳасиз.

Динамо — Насаф

Мавсумни қийин ғалаба билан бошлаган Насаф клуби мусобақанинг учинчи тури доирасида Самарқандда Динамо меҳмони бўлади.

Ушбу жамоалар ўртасида ўтган йили бўлиб ўтган ҳар икки баҳс футбол жамоатчилиги томонидан жуда катта қизиқишга сабаб бўлган эди. Айниқса, сўнгги турда бўлиб ўтган баҳс учинчи ўрин тақдирини ҳал этган ва ўз майдонида муҳим дурангни қўлга киритган Насаф клуби якунда бронза медалларга эга чиққанди. Хўш, Динамо ушбу ҳолат учун ўз мухлислиари қаршисида ғалаба қозониш орқали реванш оладими ёки Насаф муваффақиятли сериясини давом эттирадими? Буни 11-март куни билиб оламиз.

Нефтчи — Пахтакор

Март ойининг безагига айланиши кутилган ўйин 15-март куни Андижон вилоятида жойлашган Бобур арена стадионида бўлиб ўтади. Шу куни Ўзбекистон Суперкубоги учун Суперлиганинг амалдаги чемпиони бўлган Фарғонанинг Нефтчи клуби мамлакат кубоги мусобақасининг 2025 йилги соҳиби Тошкентнинг Пахтакор клубига қарши ўйнайди.

Бу йил жуда кўплаб мутахассислар томонидан бу икки жамоа Ўзбекистон Суперлигаси ғолиблиги учун асосий даъвогарлар қаторида эътироф этилмоқдалар. Шунингдекан, мазкур баҳсда қўзониладиган ғалаба жамоага нафақат Ўзбекистон Суперкубогини келтириши билан, балки Суперлигада ҳам ғолиблик руҳиятини бериш билан аҳамиятлидир.

Розикжон Султонмуродов
Розикжон Султонмуродов
Журналист
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг