Суперлига 2-тур учрашувлари таҳлил қилинди
Суперлига 2-тури доирасида ўтказилган учрашувлар юзасидан онлайн таҳлил йиғилиши ташкил этилди. Йиғилиш тажрибали инструкторлар бошчилигида ўтказилди.
Zoom платформаси орқали ташкил этилган йиғилишда Суперлига ўйинларида фаолият олиб борган ҳакамлар ва ҳакамлар назоратчилари иштирок этди.
Таҳлил давомида ҳакамларнинг майдондаги жойлашуви ва тўғри позиция танлаши, якка курашларда қабул қилинган қарорлар ҳамда жарима майдони ичида юзага келган мураккаб эпизодлар батафсил кўриб чиқилди. Шунингдек, айрим учрашувларда VAR эпизодларини кўриб чиқиш жараёнига ортиқча вақт сарфлангани қайд этилиб, бу ҳолат ўйин динамикасига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги таъкидланди.
Таҳлил жараёнида Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Ирматов ҳам иштирок этиб, ҳакамлик сифатини янада ошириш, қарорлар қабул қилишда аниқлик ва тезкорликни таъминлаш ҳамда ўйин темпини юқори даражада сақлаш юзасидан қатор муҳим фикр ва тавсиялар билдирди.
Йиғилиш якунида ҳакамлик сифатини ошириш, ягона талқин ва ёндашувни таъминлаш, шунингдек, учрашувлар темпини барқарор юқори даражада ушлаб туриш бўйича тегишли тавсиялар берилди.