Рўзиқул Бердиев: «Ўйин ва ғалаба учун жамоани мақтаб қўяйлик»
«Насаф» клуби Қаршида «Динамо»ни қабул қилди ва қийинчилик билан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашув дуранг билан тугаётган паллада мезбонлар қўшимча дақиқада ғалабани илиб кетишди. Учрашувдан кейин «Насаф» бош мураббийи Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида иштирок этди.
- Очиқ ўйин. Иккала жамоага ҳам бу мос ўйин. Чиройли ғалабамиздан мухлисларимиз хурсанддир. Барчани табриклайман. Ўйинга тўхталадиган бўлсак, биринчи бўлимда «Динамо» жамоаси қарши ҳужумларда анча яхши ҳаракат қилди. Бизда ҳам вазиятлар бўлди. Агар биринчи бўлимда гол урганимизда, балки ҳисоб бошқача бўлиши мумкин эди. Иккинчи бўлимда, балки «Динамо»нинг жисмоний тайёргарлиги, балки ўзгаришлар биланми, ҳар ҳолда биз устунликка эга бўлдик. Бир-иккита қарши ҳужумини инобатга олмаганда, «Динамо» жамоаси кўпроқ ҳимояланди. Биринчи голимиздан кейин битта позицион хато бўлди. Бунда рақиб ўйинчиси яхши ҳаракат қилди. Барибир йигитлар охиригача курашишди ва ғалаба қозондик, бундан хурсандмиз.
- «Динамо» футболчисининг қўлига тўп теккан вазиятни видео орқали кўрдингизми?
- Бунақа вазиятда ҳакамларнинг ўз қараши бор. Тўп жуда яқин бўлса, бунақа вазиятларда кўп ҳам пенальти берилмаяпти. Намангандаги ўйинимизда ҳам Норчаевнинг қўлига шундай ҳолатда тўп текканди ва бизга тушунтиришдики, жуда яқин эди ва қўлини олишга улгурмайди. Шу боис шундай ҳолатларда ҳакамларнинг қарорлари шундай бўлмоқда. Бу вазиятни аниқ кўрмадим-у, лекин ҳар доим яқин масофадан тўп тегса, пенальти белгиланмаяпти.
- Сардор Баҳромовда бироз чарчоқ аломатлари сезилди, аммо уни алмаштирмадингиз…
- Сардор Япониядаги мусобақада ҳамма учрашувларда тўлиқ ўйнади. Чарчоқ бўлиши табиий. Уни учрашувда туширганимиз сабаби, футболчида ўйин тонуси яхши эди. Бугун ҳам тўпсиз ҳолатларда яхши ҳаракат қилди. Фақат дарвозага камроқ зарбалар йўллади.
- Учрашувнинг энг яхши футболчисини аниқлаш сизга юклатилганида, қайси ўйинчини танлардингиз?
- Алибeк десам, у ҳал қилувчи голни урди. Лекин бизга урилган голда унинг хатоси бор эди. Ўйиндан кейин Алибeкка: агар гол урмаганингда, жазонинг зўрини олардинг, дедим. Жамоада қора меҳнатни қиладиган, ўртада ўйнайдиган футболчиларни ҳам ҳисобга олиш керак, жуда катта ҳажмдаги ишларни бажаришяпти. Келинглар, ғалаба учун «Насаф» жамоасини энг яхши деб қўяйлик. Характер кўрсатишди, охиригача курашишди. Бу муҳим нарса. Бугунги ўйин ва ғалаба учун жамоани мақтаб қўяйлик.
- Грузиялик футболчининг жамоадаги келажагини қандай кўряпсиз?
- Кимни?
- Пата…
- Ҳа, уни Пата деб қўяверинглар, фамилиясини ўзимиз ҳам яхши билмаймиз-да (кулади). Кейинги йилга қандай мақсад, қандай таркиб тузилади, кўрамиз. Бунга ҳали вақт бор. Кўпчилигининг шартномаси йил охиригача.
- «Насаф»нинг иккита дарвозабони миллий жамоага жалб қилинган. Бу кейинчалик клубга қийинчилик туғдирмайдими?
- Албатта, қийинчилик туғдиради. FIFA кунларида тайёргарлик олиб бордик, аммо деярли ярим жамоамиз қатнашмади. Неъматов бир кун олдин келди. Япония ва Кореяда бўлган йигитларимизнинг иқлим алмашишини тасаввур қилинг. Лекин бугун футболчиларимиз жисмоний тарафдан ҳам рақибдан устунлигимизни кўрсата олишди. Футболчилар охиригача курашди, югуришди ва ғалаба қозонишди. Асосийси, мухлислар стадионда жамоамизни қўллаб-қувватлаяпти, бу йигитларга қувват беряпти. Бутун жамоамиз мухлисларини 14-санадa бўладиган халқаро ўйинга таклиф қилиб, биргаликда ғалаба учун курашамиз.
- Абдувоҳид Неъматовда олдин четдан таклифлар бўлган. Ҳозир ҳам унда хорижга кетиш иштиёқи борми?
- Билмадим, бу ҳақида у билан гаплашмадим. Аммо боя айтганимдек, кейинги йилга вазият қандай бўлади, кўрамиз. Бироқ олдин ҳам унда зўр таклифлар бўлган, шунга қарамай, жамоани тарк этишни хоҳламаган. Клубига садоқат кўрсатадиган футболчилар бор. Неъматовни биласизлар, кучли характерга эга футболчи. Баъзида хатолар ҳам бўляпти-ю, бироқ руҳан тушкунликка тушиб қолгани йўқ», - дея Бердиевнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.