locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Рашиджон Ғофуров: «Ўргатган бошқа, футболчининг ўзида ҳам масъулият бўлиши керак»

Пролиганинг 19-туридан ўрин олган “Ғазалкент” — “Яйпан” (0:0) учрашувидан сўнг жамоамиз бош мураббийи Рашиджон Ғофуров матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб берди.
Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Рашиджон Ғофуров: «Ўргатган бошқа, футболчининг ўзида ҳам масъулият бўлиши керак»
photo: Yaypan Fk

Рашиджон Ғофуров: «Ўргатган бошқа, футболчининг ўзида ҳам масъулият бўлиши керак»

Пролиганинг 19-туридан ўрин олган “Ғазалкент” — “Яйпан” (0:0) учрашувидан сўнг жамоамиз бош мураббийи Рашиджон Ғофуров матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб берди.

— Рашид ака, учрашув ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз...

— Авваламбор, ассалому алайкум. Бугунги ўйин ҳақида фикримни билдирадиган бўлсам, рақиб жамоани олдиндан билардик — жуда ҳам стабил, ёш ва чарчаш нималигини билмайдиган жамоа. Ҳатто бир киши кам бўлиб қолгани ҳам билинмади. Бизга қараганда имкониятларни кўпроқ яратишди, бизда ҳам вазиятлар бўлди. Лекин томошабоп ўйин кечди, ҳар иккала томонда ҳам имкониятлар етарлича бўлди. Ўйин биринчи голгача эди. Шунинг учун томоша қиладиган томошабоп ўйин бўлди. Менга ёқди “Ғазалкент” жамоаси. Уларни олдиндан ҳам кўрганмиз, уйда мағлубиятга учраганимизда билардик қандай кучга эга эканлигини. Уларни ёш деб бўлмайди, майдонга тушгандан кейин ёшнинг аҳамияти қолмайди.

— Ўтган турда “Шўртан”дан қабул қилинган мағлубиятдан сўнг жамоада бир қанча ротациялар юз берди. Хусусан, асосий дарвозабон Озодбек Маъруповни асосий таркибда кўрмадик. Умуман олганда, статистикага қарайдиган бўлсак, “Яйпан” энг кўп гол ўтказиб юбориш ва гол уриш бўйича оқсаяпти — энг ёмон кўрсаткичга эга 5 та жамоадан бири бўлиб турибди. Бу ҳақида нима дейсиз?

— Тўғри айтяпсиз. Дарвозабонларга келадиган бўлсак, бизда учта дарвозабон бор. Ҳар бирига ўйин амалиёти бериш учун навбат билан имконият беряпмиз. Ҳатто дарвозани дахлсиз сақлаган тақдирда ҳам кейинги ўйинда бошқасига имконият берамиз. Шундай вазият бўлиб қолди. Сабаби бизда Суперлигага чиқиш вазифаси йўқ дегани ўйнамаслик керак дегани эмас. Лекин имконият борича ҳамманинг ўйин амалиётини оширишга ҳаракат қиляпмиз.

Оқсаш масаласига келсак, ҳар доим ўйинни биз назорат қиламиз, “Шўртан” билан ҳам 90 дақиқа давомида ўйин тизгинини қўлда ушлаб турдик. Лекин голни рақиб уриб кетди — узоқдан икки-учта гол ўтказиб юбордик. Бизда ҳужумни якунлайдиган, голлар урадиган ҳужумчи йўқлиги учун баъзан тўлиқ позицион ўйин кўрсатишга мажбур бўляпмиз. Ҳар ўйинда бунинг устида ишлаяпмиз, лекин ўргатган бошқа, ҳужумчининг ўзида туғма сезги бўлиши керак.

Мана, ҳозир бир ҳимоячини олиб ташлаб, яна битта ҳужумчини туширдик, лекин қаёққа югуришни, нима қилишни билмаяпти. Ўргатган бошқа, футболчининг ўзида ҳам масъулият бўлиши керак.

— Ҳимоячининг ўрнига ҳужумчини туширдим деб таъкидлаб ўтдингиз. Кўрсатма бергандирсиз, лекин барибир ҳимоя охирги чизиғида тўртта ҳимоячи қолиб кетяпти. Қизилдан кейин, бир киши кўп бўлиб турган пайтда ҳужумни кучайтиришнинг иложи йўқмиди?

— Айнан шундай қилдик. Фақат бизда иккита таянч ярим ҳимоячи ўйнагани учун, иккинчи таянч ва учта ҳимоячи бўлганда, улар ҳужумга ўтганда тўртинчи ҳимоячи вазифасини бажариб туради. Шунинг учун кўзга тўрт киши бўлиб кўринди. Ҳужумга ўтганда биттаси қўшилади, орқада учта ҳимоячи қолади. Барибир рақиб қарши ҳужумга ўтганда кимдир уларни ёпиши керак.

— “Яйпан”да молиявий аҳвол қандай? Сафар ўйинлари, маошлар бўйича муаммолар йўқми?

— Бизда ҳеч қандай муаммо йўқ. Ҳозирча қарздорлик ҳам йўқ — маошлар ҳам, сафар харажатлари ҳам ўз вақтида бериляпти. Мукофот пулига келсак, мукофот пулини ютган жамоа олади. Ҳозир ҳатто пулимиз ҳам тайёр, ютса — дарҳол берилади. Катта харажат қиладиган жамоаларда муаммо бўлиши мумкиндир, лекин бизда ҳаммаси жойида, ҳаммаси яхши.

Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг