Президент қарори билан Каттақўрғон шаҳрида футбол академияси қурилади
27-декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги 392-сонли қарори эълон қилинди. Унда Каттақўрғон шаҳрида футбол академияси ташкил этиш масаласи ҳам ўрин олган.
Шу йилнинг 23-декабрь куни Лига ишчи гуруҳи Каттақўрғонга ташриф буюриб, ҳудудда катта футбол учрашувларини ўтказиш ва 2025 йилги мавсумни Биринчи лигада ўтказган Каттақўрғон футбол клубининг Про-лигада иштирок этиши масаласини ўрганганди. Бундан кўзланган асосий мақсад яқин келажакда Самарқанд вилоятида Динамо клубидан ташқари яна бир профессионал футбол клубни шакллантириш ҳисобланади.
Каттақўрғон сафари юзасидан эълон қилинган материалда ҳукумат ёрдами билан футбол мактаби ташкил этиш кўзда тутилгани ва кейинчалик унинг Каттақўрғон футбол клуби билан боғланиши масаласи қайд этилганди. Мазкур режа энди мамлакат Президенти томонидан қарор шаклида имзоланди. Қарорда Каттақўрғон шаҳрида Ассоциация қошидаги футбол академияси ташкил этилиши кўрсатиб ўтилган бўлиб, унга 20 миллиард сўм ажратилиши белгилаб қўйилган. Бу ўз ичига 150 ўринли уч қаватли ўқув ва маъмурий бино қуриш, 100 ўринли ётоқхона ва ошхона биносини барпо этиш, 48х24 ўлчамли универсал спорт зали, 110х78 ўлчамлардаги биттадан табиий ва сунъий қопламали футбол майдонларини ўз ичига олади.
Лига режасига кўра, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва Спорт вазирлиги ёрдамида Пайшанба шаҳарчасидаги футбол майдони ДҲШ асосида Каттақўрғон клубига бириктирилади. Ўз навбатида клуб мазкур майдонни Лига талабларига мослаш учун инвестиция киритади. Бунда футбол майдонини тўлиқ янгилаш, техник зона ва трибуналарни таъмирдан чиқариш кўзда тутилади. Шунингдек, Пайшанба шаҳарчасидаги оромгоҳнинг бир қисми клуб базасига айлантирилади. Келажакда Ассоциация ёрдамида Каттақўрғон футбол академияси қошида 8 ёш тоифасида тарбияланувчилар гуруҳини ташкил этиш ва унга асосан маҳаллий болаларни жалб қилиш, ёш тоифаларининг ҳар бирида минимал 25 нафардан тарбияланувчи бўлишига эришиш ҳамда уларни Лига рўйхатидан ўтказиш режалаштирилган.
Динамо футбол клуби эса Самарқанд вилояти футбол мактаби билан худди шу йўсинда ҳамкорлик қилади. Шу асосда вилоятда бир-бирига рақобат қиладиган икки та футбол клубига асос солинади. Айни пайтда Лига Каттақўрғон футбол клуби билан ҳамкорликдаги ишларини давом эттирмоқда, бу эса ўз навбатида клубни Про-лига мусобақасига тайёрлаш босқичини ўз ичига олади.