Отабек Ғуломхўжаев ЦСКА бош мураббийлигидан кетди
Ўзбекистонлик мутахассис Отабек Ғуломхўжаев Тожикистоннинг Душанбе шаҳридаги ЦСКА клуби бош мураббийи лавозимини тарк этди.
Ғуломхўжаев ЦСКАга 2026 йил июль ойи бошида тайинланган бўлиб, у Файзали Давлатовнинг ўрнини эгаллаган. Давлатов жамоа Тожикистон чемпионатининг 12-турида «Ҳосилот»га 2:3 ҳисобида мағлуб бўлганидан кейин лавозимидан кетди.
Ўзбекистонлик мутахассис жамоани қабул қилган пайтда ЦСКА турнир жадвалининг юқори қисмида бораётган эди. Ғуломхўжаев қўл остида жамоа «Хўжанд» билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади, «Истиқлол»га 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди ҳамда кейинги учрашувда «Вахш» билан 1:1 ҳисобида дуранг қайд этди.
Шу тариқа, Отабек Ғуломхўжаевнинг Тожикистондаги навбатдаги фаолияти ҳам қисқа муддатда якунланди. Энди ЦСКА раҳбарияти жамоани мавсумнинг қолган қисмида ким бошқариши ҳақида қарор қабул қилиши кутилмоқда.