Отабек Нарзуллаев: «Бу мавсум давомидаги энг муҳим учрашувлардан бири бўлди»
Суперлига 21-туридан ўрин олган «Машъал» – «Шўртан» (2:1) учрашувидан сўнг «Машъал» бош мураббийи Отабек Нарзуллаев матбуот анжуманида иштирок этди.
- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Бу ўйин биз учун жуда муҳим эди. Бу мавсум давомидаги энг муҳим учрашувлардан бири бўлди. Ҳам дерби мақомида кечгани билан қизиқ бўлди. Қўлга киритилган ғалаба билан барча мухлисларни табриклайман.
- Иккала таймда икки хил «Машъал»ни кўрдик.
- Бу – футбол ва футболда ҳар хил вазиятлар бўлиши мумкин. Биринчи тайм 2:0 ҳисоби билан олдинда бориб, биоз эркинликка берилдик. Эсингизда бўлса, «Динамо» билан ҳам шундай бўлганди ва ўша пайтда 2:0 ҳисоби билан олдинга чиқиб олгандик. Якунда эса ғалаба қозона олмаган эдик. Бугун ҳам шундай воқеа такрорланмаслиги учун диққатни йўқотмасликка ҳаракат қилдик.
- «Шўртан»га неча баҳо қўйган бўлардингиз?
- Ғузорликларда ҳам яхши жамоа ва яхши ёшлар бор. Улар ҳам яхши ўйин кўрсатяпти. Турнир жадвалининг пастки ўринда туриши ҳеч нарса англатмайди. Футбол ўйнаган жамоа борки, барибир хатолик қилади.
- Рақиб сиз кутган футболни намойиш этдими?
- Биз «Шўртан» бор кучини бериб ҳаракат қилишини билардик. Шунинг учун йигитларга агрессив футбол намойиш этиш ва кўпроқ прессинг қилишни уқтиргандик. Асосийси – ютдик. Лекин барибир камчиликлар бор ва булар устида ишлаймиз. Вазирфамиз – Суперлигада ўз ўрнимизни сақлаб қолиш.
- Хумоюн Муртазаевнинг ҳозирги ҳолати қандай?
- «Сўғдиёна» билан ўртоқлик учрашувида Хумоюн Муртазаев, Сардор Абдураимов ва Дмитрий Яшинда енгил жароҳат бўлгани боис майдонга туширмаган эдик. Уларни бугунги беллашув учун асраган эдик. Ҳозир эса бу футболчиларимизнинг ҳолати яхши.
- Ҳакамлик ҳақида фикрингиз?
- 2016-2017 ёки ундан олдинги давр футбол пайтида сафарга борганда қўрқиб турардик. Жамоалар айниқса ҳакамликдан чўчирди. Ҳозир эса яхшики, вазият ўзгарди. Ҳозир жамоангиз кучли бўлса, уйда ҳам, сафарда ҳам юта олади. Ҳакамлик бизда янги даражага чиқди. Қолаверса, VAR пайдо бўлди.
- Агар «Машъал» уй учрашувларини Муборакда ўтказиб келганида очколар сони ҳозиргидан кўпроқ бўлармиди?
- Менимча, ҳа. Чунки бежизга уйда деворлар ҳам ёрдам беради дейишмайди. Уйда ўйнаш барибир бошқача. Футболчилар ҳам ўзларини анча зўр ҳис қилади. Тўғри, стадион бўйича камчиликлар бор, вақти келиб ҳаммаси барҳам топади деган умиддаман.