Осиё Футбол Конфедерацияси О‘ФАнинг AFC Elite Youth Дастуридаги уч юлдузли мақомини муваффақиятли тарзда янгилаганини эълон қилди
ОФК расмий саҳифасида Ўзбекистон футбол ассоциацияси ушбу дастурда уч юлдузли аъзолик мақомини яна бир бор муваффақиятли равишда янгилагани маълум қилинди.
О‘ФА томонидан тизимли асосда йўлга қўйилган ёшлар билан ишлаш дастурлари сўнгги йилларда самарали натижалар бермоқда. Жумладан, яқинда U-17 Осиё Кубогига эришилган чемпионлик ҳамда ўтган йили илк бор Олимпиада йўлланмасининг қўлга киритилиши бунга яққол мисол бўла олади, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, О‘ФА илк бор ушбу уч юлдузли мақомни 2023-йилда олган. Мазкур мақом 2025-йил 29–31-май кунлари Тошкентга ташриф буюрган AFC Youth Panel экспертлари томонидан ўтказилган кенг қамровли баҳолаш якунида яна бир бор тасдиқланди.
Баҳолаш натижасида О‘ФАнинг ёшлар футболи йўналишидаги ёндашуви – ғалаба руҳини шакллантириш билан бирга, футболчиларнинг техник, тактик ва жисмоний жиҳатдан ҳар томонлама ривожланишига устуворлик берилиши алоҳида эътироф этилди. Таълим ва машғулот услублари замонавий ва изчил экани таъкидланди.
Барқарор тизимни шакллантириш мақсадида, О‘ФА мамлакатнинг 14 ҳудудида академиялар ташкил этган. Ҳар бир академия ўзига хосликни сақлаган ҳолда ягона концепция асосида фаолият юритади. Бу эса техник директор бошчилигидаги кучли мулоқот ва марказлашган мувофиқлаштириш орқали таъминланмоқда.
Шунингдек, О‘ФА инфратузилмани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Тошкент вилоятида барпо этилаётган ва яқин кунларда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган янги замонавий футбол академияси бунга яққол мисолдир. Лойиҳа ўз ичига тиббий марказ, физиотерапия маркази, замонавий меҳмонхона, халқаро стандартларга жавоб берадиган майдонлар, жумладан, ёшлар ўйинлари учун мўлжалланган стадионни ҳам қамраб олади.
Бундан ташқари, О‘ФА барча ёшлар терма жамоалари ва академияларида тўп сураётган футболчиларнинг индивидуал ривожланиш маълумотлар базасини юритади. Бу эса мураббийлар ва мутахассисларга ёш иқтидорларни аниқлаш, уларнинг ўсишини кузатиш ҳамда баҳолашда муҳим восита бўлиб хизмат қилади.
Уч юлдузли мақомнинг янгиланиши билан бир қаторда, “Бунёдкор” ва “Насаф” футбол академияларига икки юлдузли, Андижон академиясига эса бир юлдузли мақом берилди.
О‘ФА биринчи вице-президенти Равшан Ирматов бу борадаги саъй-ҳаракатларга тўхталиб, шундай деди: “Болалар-ўсмирлар ҳамда ёшлар футболини ривожлантиришга қаратилган тизимли ёндашув – Ўзбекистонни Осиё футболидаги етакчи давлатлардан бирига айлантириш борасидаги асосий устувор йўналишимиздир.”
ОФК экспертлари О‘ФАнинг ёшлар билан ишлашдаги стратегиясини бошқа аъзо ассоциациялар учун намунавий модел сифатида эътироф этиб, мураббийлар тайёрлаш тизимини янада ривожлантириш, шунингдек футболчилар, мураббийлар ва ота-оналар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигини тавсия этдилар.